МАЪМУРИЙ СУД ИШИДА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 4 бўлим, 29 боб ва 288 моддадан иборат бўлиб, унда маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари, манфаатдор шахсларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари ва шакли, маъмурий суд ишларини юритиш принциплари, ишларни судда кўриш тартиблари, маъмурий ишларнинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилиги, Маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари, суд ҳужжатларини қайта кўриш асослари, суд ҳужжатларини ижрога қаратиш тартиблари ва бошқалар алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Мазкур кодексга асосан қуйидагилар маъмурий суд ишларини юритиш вазифалари этиб белгиланган:
-маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар ва корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг (бундан буён матнда юридик шахслар деб юритилади) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
-маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
-маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;
-қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш.
Янги қабул қилинган ушбу кодексда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар турлари алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Унга кўра, маъмурий судлар:
-идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
-давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
-сайлов комиссияларининг ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
-нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олишни рад этганлиги ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
-давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғисидаги ишларни ҳал қилади.
Салоҳитдин ТУРСУНОВ,
вилоят маъмурий суди раиси.

