ЧИҚИНДИ – КАСАЛЛИКЛАР МАНБАИ

Аҳоли тураржойларини тоза тутиш учун хонадонлардаги хўжалик ва уй ҳайвонлари чиқиндиларининг ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши ҳамда зарарсиз ҳолатга келтирилиши зарур. Чиқиндилар ўз вақтида зарарсизлантирилмаса, ташқи муҳитнинг ҳар хил микроблар билан зарарланишига олиб келади. Унда тўпланган чиқиндилар ўзида жуда кўп органик моддаларни ушлагани боис улар тез чирий бошлайди, оқибатда турли газлар: аммиак, водород сульфид, метан, индол, стакол ва бошқалар пайдо бўлади.
Ёғингарчилик вақтида чиқиндилар ер юзасидан ювилиб, очиқ сув ҳавзаларини ифлослантиради. Баъзи чиқиндиларда турли хил касаллик чақирувчи микроорганизмлар ҳам бўлиши исботланган. Улар тупроқда ва чиқиндиларда узоқ вақт яшайди. Масалан, қорин тифи таёқчаси – нажасда 30-100, ҳожатхона чиқиндисида 30-150 кунгача яшайди.
Шунингдек, уй чиқиндилари ва ҳайвон гўнгларида турли гижжалар (энтеробиоз, геминолипедоз, трихинеллёз, аскаридоз, қорамол солитёри ва чўчқа солитёри кабилар) учрайди. Улар ташқи муҳит шароитига мослашиш хусусиятига эга бўлиб, ноқулай шароитда 3 ойдан ортиқ вақтгача яшаши мумкин.
Хонадонларингизда ҳосил бўладиган чиқиндиларни, шу жумладан, ҳайвон гўнгларини ўз вақтида чиқариб, ораста ва тоза сақласангиз, саломатлигингизга путур етказувчи нохуш ҳолатларнинг олдини олган бўласиз.
Эргашбой МАМАДАЛИЕВ,
туман ДСЭНМ санитария бўлими мудири.