ФУҚАРОЛАР ЭМАС, ҲУЖЖАТЛАР ҲАРАКАТЛАНАДИ
Маълумки, мамлакатимиз Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маърузасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», -деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга ошириш олдимизда турган энг муҳим вазифа эканлиги таъкидланган эди.
Қатор давлат органларида ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларининг мавжуд эмаслиги, улар идоралараро интеграция қилинишининг паст даража бўлганлиги, шунингдек, айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиб-таомиллари, мураккаб ва фойдаланиш учун қийин нархни шакллантириш механизмлари шаффоф эмаслиги, алоҳида ҳолларда «монопол» хизматлар кўрсатишга талаблар белгиланганлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
Мазкур тизимли муаммоларга чек қўйиш, аҳолининг қимматли вақти маълумотнома сўраб, турли идоралар кетидан қувишга кетишининг олдини олиш, бунда «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» қабилидаги тамойилни амалда рўёбга чиқариш ва энг муҳими, халқимизнинг давлат органлари ва улар томонидан кўрсатиладиган хизматларга бўлган ишончини тиклаш мақсадида Юртбошимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сонли «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Унга асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.
Фармонга мувофиқ, Агентликнинг жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги асосий вазифалари белгиланди. Унга кўра, Агентлик:
-жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
-ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиради;
-давлат хизматлари ягона реестрини шакллантиради, мазкур соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
-давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини лойиҳалаштиради, тайёрлаш, жорий этиш ва интеграция қилишга ягона ёндашувларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
-давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида, шу жумладан, тегишли ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилади ва самарадорлигини баҳолайди;
-давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацион шакллари ва услубларини жорий этишни ташкил қилади, мазкур соҳада қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Президентнинг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилиб, уларнинг фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди. «Ягона дарча» тамойили асосида фақатгина тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб мазкур тамойил асосида давлат хизматлари фуқароларга ҳам кўрсатила бошланди. Унга кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб қўшимча равишда 13 турдаги давлат хизмати бевосита марказлар орқали амалга оширилмоқда.
Тегишли ташкилотларга давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган, ҳозирда ҳам қоғоз шаклида сақланаётган маълумотларни электрон кўринишга ўтказиш ва идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда босқичма-босқич рақамли кўринишга келтириш вазифалари юклатилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 июнидан тажриба тариқасида 70-100 турдаги талаб юқори бўлган давлат хизматлари кўрсатиладиган давлат хизматлари марказлари рўйхати иловага асосан тасдиқланиб, Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази танлаб олинди. Шунингдек, барча туман Давлат хизматлари марказларига транспорт кесишувлари фуқаролар учун қулай бўлган марказий қисмида жойлашган биноларга, биринчи навбатда, давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида замонавий шароитларга эга биноларни барпо этиш белгиланди.
Президентимиз топшириқларига асосан Наманган вилоятида давлат хизматларини кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш масалалари, Халқ қабулхоналари негизида ташкил қилинган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, давлат хизматлари марказлари фаолиятидан аҳолининг нечоғлик хабардорлиги даражасини аниқлаш мақсадида «Наманган тажрибаси» лойиҳаси амалга оширилди.
«Наманган тажрибаси» асосида соҳа фаолиятини янада жонлантириш, аҳолини марказлар фаолияти, улар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари билан яқиндан таништириш ҳамда соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мақсад ва моҳиятини халқ эътиборига етказиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди:
-вилоятнинг мавжуд 770 та маҳалласи биносида ҳамма кўриши мумкин бўлган жойларда марказлар орқали кўрсатиладиган хизматлар, маҳаллаларга бириктирилган масъул ходимлар ва улар томонидан ўтказиладиган сайёр қабуллар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган «Адлия бурчаклари» жойлаштирилди;
– йирик савдо мажмуаларидаги инфоэкранларга марказ фаолиятини акс эттирувчи видеороликлар жойлаштирилиб, мунтазам равишда намойиш этилиши йўлга қўйилди;
– олис ҳудудларда яшовчи аҳолига зарур мобиль давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан вилоятдаги барча Давлат хизматлари марказларига 12 та «Дамас» автомобили ва замонавий ноутбук компьютерлари фойдаланиш учун топширилди.
Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб эса марказ томонидан 90 га яқин давлат хизматлари кўрсатилади.
Раҳимжон БОЙМИРЗАЕВ,
давлат хизматлари агентлигининг Наманган вилоят бошқармаси ходими.

