ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИК – БОШ МАҚСАД

Ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, биринчи навбатда, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш йўли билан амалга оширишни кўзловчи адлия органлари ва муассасаларига муҳим роль ажратилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5415-сонли Фармони ижроси юзасидан туман ва шаҳар адлия бўлимлари ташкил этилди. Уларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

-ҳокимларга ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш;

-давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;

-қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, «республика – вилоят – туман – маҳалла» принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан биргаликда чора-тадбирларни амалга ошириш;

-туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;

-ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг барқарорлиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

-инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

-давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида ҳуқуқий ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва методик таъминлаш.

Шунга кўра, туман адлия бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, туман бандликка кўмаклашиш маркази, туман молия, мактабгача таълим, халқ таълими бўлимлари ходимлари ҳамда аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва ҳуқуқий тарғиботга оид бир қатор қонун ҳужжатлари тарғибот қилинмоқда.

Туман адлия бўлими ўз олдига аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва дунёқарашини шакллантириш, уларнинг болалик чоғидан ҳуқуқ ва бурчларини англаб етишлари учун бир қатор муҳим вазифаларни белгилаган.

Шу мақсадда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига  бағишланган «Менинг ҳуқуқим – бахтли болалигим» – («Мое право – счастливое детство») шиори остида тадбир ташкил этилиши белгиланган.

Улуғбек ЖЎРАЕВ,

туман адлия бўлими бошлиғи.