ИЛМ ИШҚИН ДИЛГА ЖО ЭТИБ…

Инсон зоти борки, вақти келиб оила қургач, фарзандга орзуманд бўлади, Аллоҳдан сўрайди. Шу паллада ўйлаб ва эҳтиёт бўлиб сўрамоқ лозим экан. Биров полвон ўғил сўраса, биров бой-бадавлат фарзанд сўраркан. Камдан кам ота-оналар илмли, маърифатли фарзандни орзу қиладилар. Аллоҳ илмли бандасини полвондан ҳам, бадавлатдан ҳам кам қилмай, улардан фазилатлироқ қилиб яратар экан.

Синфдош дўстимиз, Уйчи фарзанди, фалсафа фанлари доктори Муҳаммаджон Жакбаровнинг ота-оналари илм-маърифатли фарзанд сўрашганларини кўп бор таъкидлашганларига гувоҳман. Турсунбой ота ва Ҳамрохон опалар (охиратлари обод бўлсин) фарзандларининг олим бўлиши учун зарур бўлган барча шароитларни яратиб беришган эди. Аллоҳ қалбга илм ишқини солса, инсон илм истамай туролмас экан. Муҳаммаджон бошланғич синфдалигимиздаёқ ҳаммадан яхши ўқий бошлади, бизларни ҳам атрофига олиб, дарс тайёрлашни ташкил этиб, «устозларни ҳам тинч қўймай», илм олди.

1970 йил ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)га наманганлик ўқувчилар Наманган давлат педагогика институтида қабул қилинди. Муҳаммаджон университетнинг тарих факультетига ҳужжат топширди ва тўртта фандан бўлган имтиҳонларнинг барчасини «5» баҳога топшириб, 20 балл тўплаган ягона абитуриент бўлди. Талабалик чоғларида ҳам фақат «5» баҳога ўқиди ва университетни қизил диплом билан тамомлади. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмади. Бу муваффақиятлар замирида ҳалол илмга бўлган кучли иштиёқ, мустаҳкам ирода ва эл-юртга бўлган қизғин муҳаббат ётганлигига шубҳа йўқ.

Муҳаммаджоннинг илмий изланишлари замирида юртимиз тарихидаги фалсафий қарашлар ва буюк алломаларимиз, айниқса, ҳазрат Алишер Навоий ижодидаги бош масала – комил инсон ғояси ётганлиги ҳам бежиз эмас. Сабаби, бу нарса бугунги Истиқлол даврида яна долзарб аҳамият касб этмоқда.

Биринчи Президентимиз И.Каримов янги аср бошида ёзган «Миллий мафкура ҳақида» номли китобида: «Миллий тарихимиз ва умумбашарий тараққиёт ривожига унутилмас ҳисса қўшган олиму фузалоларнинг мафкура ва унинг жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақида қолдирган илмий мероси, фалсафий қарашларини ҳар томонлама ўрганиш даркор», -деб файласуф олимлар олдига масъулиятли вазифа қўйган эдилар. Бу фикрлардан зарур хулосалар қилган, докторлик диссертацияси билан, профессор Абдуллажон Бегматов таъбири билан айтганда, «… фалсафа фани билан шуғулланаётган олимлар қаторига муносиб файласуф бўлиб қўшилган»  Муҳаммаджон мустақил Ўзбекистон фалсафасини яратиш ишига салмоқли ҳисса қўшиш учун чуқур ва атрофлича илмий изланишлар олиб бора бошлади. Бу орада Ўзбекистон фалсафаси тарихини яратиш бўйича эълон қилинган грант лойиҳада иштирок этди ва ғолибликни қўлга киритди. Астойдил қилинган саъй-ҳаракатлар ва изланишлар натижасида 2017 йил охирида Муҳаммаджон Жакбаровнинг масъул муҳаррирлиги остида «Ўзбекистон фалсафаси тарихи» китобининг II томи босмадан чиқди. Аввало, бу китоб фалсафа фанига қизиққан юртдошларимизга муборак бўлсин!

Мазкур китоб XIV-XVII асрларда Ўрта Осиёда ижтимоий фалсафий фикр тараққиёти масаласини ёритиб беради. Таъкидлаш жоизки, собиқ иттифоқ замонида методологик жиҳатдан бир томонлама тадқиқ этилган, сохталаштирилган, бузилган ва тақиқланган улуғ алломаларимиз мероси истиқлол шарофати ила қайта тикланди ва ҳаққонийлик тамойили асосида чуқур ўрганилмоқда. Китобда ана шу улуғвор ва савобли иш ўз аксини топган.

Яна бир фахрланиш мумкин бўлган жиҳати шуки, китобдаги мавзулар ҳар қандай синфийлик ва партиявийликлардан холи, чинакам миллийлик, тарихийлик нуқтаи назаридан ёритиб берилган. Шу билан бирга, китоб айрим якка муаллифнинг фалсафий қарашларидан иборат бўлмай, ҳар бир мавзу ҳозирги даврнинг энг кўзга кўринган, истеъдодли тадқиқотчилари томонидан баён этилган.

Муҳаммаджон мазкур мавзуларни маълум тартиблар асосида жойлаштирган, холисона таҳрир қилган ва улар ўртасидаги узвийликни таъминлаган. Шу билан бирга, у китобнинг кириш қисмини ва «Мирзо Бедилнинг ижтимоий-фалсафий қарашлари» мавзусини ёритиб берган.

«Ўзбекистон фалсафаси тарихи» (II том) китобининг яна бир қимматли жиҳати шундаки, Ўрта Осиёда XIV-XVII асрларда яшаган, бугунги кунда кенг оммага яхши таниш бўлмаган, аммо ўз фаолияти ва мероси билан катта аҳамият касб этган алломалар Мир Саййид Шариф Журжоний, Саъдиддин Тафтазоний, Подшоҳхожа, Фахриддин Али Сафий, Мирзажон Шерозий, Юсуф Қорабоғий, Муҳаммад Шариф ал – Бухорий, Юсуф Самандар Термизий кабилар ҳақида қимматли маълумотлар берилган.

Мазкур китобни ўқиган ҳар бир кишининг маънавияти бойийди, дунёқараши кенгаяди, фалсафий мушоҳадалари ойдинлашади, ўтмиш алломаларимизга, юртимиз тарихига муҳаббати ортади, она-Ватанга бўлган ифтихори жўш уради.

Мақола сўнгида тумандошларимга, масъул идоралар вакилларига бир таклифим борки, жонажон Уйчимиз фарзанди бўлмиш иқтидорли файласуф олим Муҳаммаджон Жакбаров тўғрисида таълим муассасаларида ёшларга айтилса, маҳаллаларда таништирилса, шоядки унинг издошлари, шогирдлари чиқса, ота-оналар фарзандларини илм сари йўлласалар халқимиз, Юртбошимиз мақсад қилаётган, юртимизни дунёга танитадиган илм аҳллари чиқишига ишончимиз комил.

Ҳа, яна бир гап: Муҳаммаджон Уйчига келганда, у билан учрашувлар ташкил этилса, кўп улуғ иш бўлар эди. Иқтидорли файласуф дўстимиз айни кунларда «Ўзбекистон фалсафаси тарихи» китобининг III томи устида қизғин иш олиб бормоқда.

Мазкур мақола чоп этилиши арафасида дўстимиздан хушхабар келди: чоп этилган китоблари, илмий мақолалари ва фалсафа фани ривожига қўшган ҳиссаси учун Муҳаммаджонга профессор илмий унвони берилибди.

Унвон муборак, Муҳаммаджон!

Ўринбой МЎМИНОВ.