ҲАМ САНЪАТДА, ҲАМ СПОРТДА
«Ёшлар – Ўзбекистон келажаги!» дастури ижросини таъминлаш мақсадида туман прокуратураси ташаббуси билан «Келажак бизники, марра бизники!» шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди.
Байрамона безатилган туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойесида тикувчилик, миллий ҳунармандчилик ҳамда ёш ихтирочиларнинг кўргазмалари жой олди. 1, 2-БЎСМларга қарашли бадиий гимнастика, эркин кураш, стол тенниси тўгараги аъзолари кўргазмали чиқишлар қилишди. Суратлар кўргазмаси барчанинг эътиборини тортди. 26-мактаб АРМ мутахассислари янги адабиётлар тақдимотини ўтказдилар.
Ўқувчи-ёшлар ва ота-оналар билан тўлган марказ саҳнасида туман маданият бўлими ҳамда 16-мактабнинг истеъдодли ёшлари томонидан тайёрланган бадиий дастурда миллий қадриятларимиз, ёшлар тарбиясига доир кўринишлар намойиш этилди, бахтли болаликни тараннум қилувчи куй-қўшиқлар янгради. Туман ҳокими Абдуғани Турдиев, туман прокурори Бахтиёр Абдураҳимов, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев ёшларга эзгу тилаклар билдиришди. Якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларнинг бир гуруҳига эсдалик совғалари, тадбир ташкилотчиларига «Ташаккурнома»лар топширилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамда «Уйчинома» газетаси таҳририяти томонидан «Китобсиз келажак йўқ!» мавзусидаги давлат гранти лойиҳаси асосида бир гуруҳ ёшлар вакилларига китоблар совға қилинди. Шу куни ёшлар ҳам санъатда, ҳам спортда нималарга қодир эканликларини кўрсатишди.
Тадбирнинг юксак уюшқоқлик билан ўтишида Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, туман халқ таълими бўлими, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, Ўзбекистон Қизил яримой жамияти туман кенгаши ҳамкорлик қилдилар.
Зокиржон ҚАҲҲОРОВ,
16-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

