ЭРКИН ФИКРЛАШГА УНДАБ…

«Китобсиз келажак йўқ!» лойиҳаси доирасида навбатдаги «Мен севган китоб» номли кечани ўтказиш учун тумандаги 18-мактаб танланди. Тадбирга мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан пухта ҳозирлик кўрилгани алоҳида эътирофга лойиқ.

Даставвал, инглиз тили фани ўқитувчилари Азизбек Каримов, Наргиза Ҳожимирзаева ҳамкорликда тайёрлаган «There is no future with out books!» («Китобсиз келажак йўқ!») номли бадиий дастур ҳавола қилинди. Сўнгра шоир Муҳаммад Юсуф шеърияти билимдонларининг беллашуви бўлиб ўтди.

«Мен севган китоб» мавзуси юзасидан ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» асари юзасидан бўлиб ўтган викторина барчага бирдек манзур бўлди.

Тадбир сўнгида сўз олган лойиҳа координатори, «Уйчинома» газетаси масъул котиби Абдулҳаким Нишонов, мактаб директори Барнохон Нуриддинова, туман халқ таълими бўлими вакили Нурхон Маҳмудова юқори савияда ташкил қилинган ушбу кечанинг ёшлар камолотидаги тарбиявий аҳамияти ҳақида тўхталдилар. Фаол иштирок этган ўқувчиларга китоблар совға қилинди. Бундан ташқари, «Энг яхши мусаввир», «Полвон ўқувчи» номинациялари ғолиблари ҳам тақдирландилар.