ҚУДРАТЛИ КУЧ

Инсон яшаш ва ўсиш учун турли таомлар билан озиқланади. Аммо қалб ва онгимизнинг ўсиши учун нима билан озиқланишимиз керак?

Бугун ҳашаматли уй-жой, қўша-қўша машина ва дабдабали тўйлар билан эл ичида ном қозонамизу, аммо нечун Навоийлар, Бухорийлар, Термизийлар, Мангубердиларни тарбиялаб, ном қозонмаймиз?

Нима учун униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз  буюклардан ибрат олиб, улар изидан боришга жаҳд қилмаяпти?

Китоб фикрлаш қобилиятимизни ҳаракатга келтирувчи қудратли ва ихчам куч, қалбни ёритгувчи, юксакликка кўтаргувчи, яхши орзу-истаклар уйғотувчи, ақлни чархловчи буюк воситадир.

Агар биз ёш авлодни китобга дўст қилолсак, китоб ўқиш ва танлай олиш қобилиятини тўғри тарбиялай олсак, бу жамиятимиз учун қилган энг буюк хизматларимиздан бири бўлар эди. Болани китоб ўқишга ундайвермай, аввало, ўзимиз китобхон сифатида уларга намуна бўлсак, дарс жараёнларида китоблардан ўрни билан парчалар келтирсак, менимча яхшироқ бўлади.

Шунинг учун, азиз дўстлар, ота-оналар, бобо-бувилар, устоз-муаллимлар фарзандларимиз учун китоб совға қилайлик, уйқу олдидан ҳадис ва ибратли эртаклардан сўзлаб берайлик. Фарзандларимизнинг кинофильм ва мультфильмлар билан эмас, китоблар билан ҳам тарбиялайлик. Зеро, шунда биз кўзлаган мақсадимизга эришамиз.

Дилноза АҲМЕДОВА,

3-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.