СОҒЛОМЛАШТИРИШ МАВСУМИ ТАДОРИГИ
Туманимизнинг чекка ҳудуди – Зиёкор маҳалласида жойлашган 38-мактабгача таълим муассасасига кириб борар экансиз, аввало, бу ердаги ободончилик, озодалик эътиборин-гизни тортади. Кўримсиз, пастаккина бинолар ҳам кўркамдек кўринади. Дид билан безатилган гуруҳ хоналарига кирсангиз, кайфиятингиз кўтарилади. Ёш, изланувчан мудира Фарида Орипова тарбиячилар Назира Қодирова, Раънохон Мавлонова, Ойдина Юнусова, Роҳила Жавлонова, Бибифотима Эргашбоева, Сабоҳат Сиддиқова, Нодира Бурҳоновалар билан янгиликка интилиб ишламоқда. Ҳамшира Ойдина Отабоева муассасадаги 160 нафар болажоннинг соғлом бўлиши, овқатланиши учун белгиланган меъёр талабларининг бажарилишини назоратга олган, жисмоний тарбия йўриқчиси Маъмура Холмирзаева кичкинтойларнинг жисмонан соғлом бўлиши учун турли мусобақа, машғулотлар ташкил этмоқда. Бу яқинда муассасада бўлиб ўтган ёзги соғломлаштириш ойларига тайёргарлик мавзусидаги туман семинари иштирокчилари томонидан ҳам эътироф қилинди.
Маҳфуза МУРОДОВА,
20-МТМ тарбиячиси.
******
41-МТМда олтита гуруҳда 120 нафар кичкинтой тарбияланади. Бу масканда бўлиб ўтган туман семинари ёзги соғломлаштириш ойларидаги ишларни режалаштиришга бағишланди.
-Бу мавсум мароқли ва мазмунли ўтиши учун алоҳида режа ишлаб чиққанмиз, -дейди муассаса мудираси Эътиборхон Шамсид-динова. –
Машғулотларда «Овчи ва қуён», «Оқ теракми кўк терак», «Кун ва тун», «Қоч болам, қуш келди», «Чори чамбар», «Ким чаққон?», “Бештош”, “Кўзбойлағич” каби миллий ҳаракатли ўйинлардан кенг фойдаланамиз. Ҳар бир гуруҳ хонаси ва ёзги айвончалар болаларга хос ва мос ҳолатда безатилган, суратлар чизилган. Тўрт фаслни ўзида мужассам этган кўргазма болаларнинг ҳар бир фасл ҳақидаги тушунчасини бойитади. Шу билан бирга, турли хил рангдаги барглар орқали улар рангларни ажратади, сон, товуш, рақамларни ўрганади. Кўп функцияли саҳна бурчагида турли ўйинларни кўрсатиш мумкин.
Муассасага ташриф буюрган МТМ мудиралари тарбиячилар Насиба Ҳамидова, Раъно Тўхтаназарова, Саида Ҳамидова, Саида Тиллабоеваларнинг иш фаолиятлари билан ҳам яқиндан танишдилар, машғулотларни кузатдилар ва тайёргарлик ишларига юқори баҳо бердилар.
Ўктамхон МАМАТАЛИЕВА,
14-МТМ тарбиячиси.
Суратларда: ҳар икки семинардан лавҳалар.

