ШЕКСПИР АСЛИДА БЎЛГАНМИ?
Уильям Шекспир қиролича Елизавета ҳукмронлиги даврида Лондондан унча узоқ бўлмаган Стритфорд шаҳарчасида майда дворян оиласида туғилган. Ўз даврининг обрўли мактабларидан бирида таълим олган. Дастлаб Лондондаги театрда ишчи сифатида иш бошлаб, кейинчалик актёрлик қилади. Маълум муддатдан сўнг ўзи ёзган асарни театр хўжайини лорд Чемберленга кўрсатади. Асардан завқланган лорд зудлик билан уни саҳналаштиришга киришади.
Асар Шекспирга шуҳрат олиб келади. Бирин-кетин бир-биридан мукаммал драмалар дунёга келади. Драмаларнинг деярли барчаси, жумладан, «Гамлет», «Қирол Лир», «Макбет», “Отелло”, “Генри VI”, “Ричард III”, «Ромео ва Жульетта» саройнинг жирканч ҳаёти ҳақида ёзилган бўлиб, уларда у ердаги олийнасаб вакилларнинг ўзаро муносабатларини, фитна-иғволарини, хиёнат ва иккиюзламачиликларини шунчалар аниқ ва ҳаётий тасвирланганки, буни ўқиган одам ушбу асарнинг муаллифи сарой аҳлидан экан, деган хулосага келади. Мана шу нарса одамларда Шекспирнинг оддий халқ орасидан чиққанлигига ишончсизлик пайдо қилади. Бунинг устига Шекспир қаҳрамонларини «сарой тили»да шундай сўзлатганки, бу далил муаллифга нисбатан шубҳани янада оширади. Ахир саройнинг эшигинигина кўрган жайдари шахс зодагонларнинг сўзлашув тилини бунчалар билиши чиндан ҳам ақлга сиғмас эди-да! Йиллар давомида Шекспирнинг «ҳақиқий» эканлигига шубҳа билан қараган шахсларнинг сони ортиб борган. Ҳатто, одамлар ҳақиқий муаллиф ким бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларини ҳам олға сурганлар. Кимлардир шоҳона асарлар муаллифи граф Эдвард д, Вер деса, бошқалар Франсис Бейкон, яна кимлардир Кристофер Марлоу деган фикрни олға сурадилар. Баъзилар муаллиф қиролича Елизаветанинг ўзи, деган фикрда ҳам бўлишган. Унда улар ўз номларини нега яширганликларини шундай изоҳлайдилар: ўша даврда ёзувчилик, шоирлик, актёрлик қуйи табақа вакиллари касби саналиб, зодагонлар бу касблар билан шуғулланишга ўз табақадошлари томонидан масхара қилинишидан чўчишган. Шу сабаб қандайдир Уильям Шекспир деган шахс номидан ўз ижодларини тақдим қилишган ёки Уильям Шекспир шунчаки тахаллус бўлган холос, дегувчилар ҳам бор. Нима бўлганда ҳам Шекспир қаҳрамонлари бугунги кунда рамзий маъноларда тилимизда кўп қўлланилмоқда. Масалан, ўта рашкчи одамларни Отелло, ошиқ йигитларни Ромео, маъшуқа қизларни Жульетта, деб аташимиз ёки мураккаб вазиятларда Гамлетнинг «Ё ҳаёт, ё мамот», -деган жумлаларини қўллаш оддий ҳолга айланиб қолгани адибнинг нақадар буюк истеъдод эгаси эканидан далолатдир.
Ҳалима ТУРСУНОВА,
Нафиса ХОЛМОНОВА,
Ички ишлар вазирлиги қошидаги Наманган академик лицейнинг инглиз тили фани ўқитувчилари.

