КИТОБ БАЙРАМИ

Мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам «Китобхонлик маданиятини юксалтириш буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир» шиори остида «Китоб байрами» тадбири ўтказилди.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида ўтган тадбирда нашриётлар, китоб савдоси билан шуғулланадиган субъектлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари томонидан китоблар савдо-кўргазмаси ташкил этилди.

Китобнинг жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрнини янада ошириш, буюк аждодларимизнинг ёрқин хотирасини, замонамиз қаҳрамонлари тимсолини ҳаққоний ва халқчил акс эттирувчи адабиётлар салмоғини оширишда адиб ва ноширларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни интеллектуал ривожланган, жисмонан соғлом ва маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада юксалтириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбир ижодкорлар, ёшлар, кенг аҳоли вакиллари, китоб ихлосмандлари иштирокида қизғин ўтди. Қизиқувчилар ўзбек ва жаҳон адибларининг дурдона асарлари билан бир қаторда янги чоп этилган китоблар билан ҳам танишишди, харид қилишди.

«Китоб байрами» шуни кўрсатдики, бундай тадбирларни туманларда, жойларда янада кенг, хусусан, китоб муаллифлари ва ноширлар иштирокида қизғин руҳда ташкил этиш керак. Кишиларнинг китобга иштиёқи, мутолаага бўлган интилиши шунга эҳтиёж борлигини кўрсатиб турибди.

Адолат МИРЗАРАҲМАТОВА,

36-мактаб ўқитувчиси.