МЕҲРИМИЗ ЗИЁДА БЎЛСИН

Эътироф этиш жоизки, мустақилликка эришганимиздан сўнг динга муносабат тубдан ўзгарди. Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам, дам олиш кунлари сифатида эълон қилинди. Шўролар даврида ҳар йили собиқ иттифоқ бор-йўғи 15-20 та кишининг Ҳаж сафарига боришига рухсат берган бўлса, 1991 йилдан бошлаб ҳар йили юртимиздан 5 минг фуқаро ана шу муқаддас зиёратни амалга оширди. 2017 йилдан бу сон яна 2200 нафарга кўпайди, бир неча ўн минг юртдошимиз умра сафарига эркин бориб келмоқда.

Яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити шодлик ва хуррамлик айёми, бу кунларга соғ-омон етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, ўзаро меҳр-оқибатли, ҳусни муомалада бўлайлик, гина-кудуратни унутиб, ҳайит шарофати туфайли бир-биримизга қучоқ очайлик. Муборак ҳайит кунларини халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат билан ўтказайлик.

Рамазон ҳайити арафасида улуғ айём билан барча юртдошларимизни чин дилдан, самимий муборакбод этамиз. Мустақил Ватанимиз истиқболи порлоқ, тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз. Пайғамбаримиз (САВ): «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик», -деб марҳамат қилганлар. Сизу биз ҳамиша ана шу неъматлар қадрига етиб яшайдиган хайрли инсонлар қаторида бўлайлик. Қалбларимизни осойишталик, ҳаловат тарк этмасин!

Яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ,

туман бош имом хатиби.