СОҒЛОМЛАШТИРИШ МАВСУМИ – БОШЛАНДИ
Болаларнинг ёзги соғломлаштириш ойларида мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун туманимизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, «Уйчи умид ниҳоллари» болалар оромгоҳида таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари ниҳояланди. Болаларнинг мавсум давомида мазмунли дам олишлари учун барча шароитлар яратилди.
-Оромгоҳимизда жорий мавсум уч навбатда 600 нафар ўғил-қиз дам олиши кўзда тутилган, -дейди маскан раҳбари Расулжон Убайдуллаев. -Бунинг учун 22 нафар малакали педагог ходим жалб қилинган. 1-БЎСМ ва туман «Баркамол авлод» болалар марказининг 6 тадан тўгараги фаолият олиб боради. Туман АРМдан 2 мингдан зиёд лотин ёзувидаги бадиий адабиёт билан кутубхонамиз бойитилди.
Куни кеча оромгоҳнинг очилиш маросимига бағишланган тантана бўлиб ўтди. Унда 200 нафар туманимиз ҳамда Учқўрғон, Чортоқ туманларидан ташриф буюрган ўғил-қиз саф тортди. Тадбирда сўз олган туман ҳокими Абдуғани Турдиев, туман прокурори Баҳодир Абдураҳимов ўқувчи-ёшларнинг мароқли дам олишлари, жамоада янги-янги дўстлар орттиришларини тиладилар.
Ўз мухбиримиз.

