«ҲАР КЕЧАНИ ҚАДР БИЛ…»

«Лайлатул қадр» – Қадр кечасининг минг ойдан яхшироқ эканлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг шу кечага бағишланган сурасида айтиб ўтган.

Аслида Қадр кечасининг қачон бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Фақат тахмин қилинади, холос. Шу боисдан фақиҳлар томонидан унинг қачон бўлиши ҳақида қирқдан зиёд қавллар, тахминлар айтилган. Буларни бирма-бир (46 та қавл) Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг машҳури жаҳон бўлган «Фатҳул-борий» асарида батафсил зикр қилган. Муҳаммад Абдулғафурнинг «ал-Исъоф» асарида ушбу қавл ва тахминларнинг 45 таси келтирилган.

Парвардигори олам ўзи хоҳлаган бандасига Қадр кечасини билдиради. Уни аниқ билиб, тонг отгунча ибодат қилиб чиқиш афзалдир. Буни билиб, сезиб қолиш бир каромат бўлгани учун аллома Ибн Ҳажар Асқалоний уни билган тақдирда ҳам ҳеч кимга гапирмаган маъқул, деганлар.

Қадр кечасининг аломатлари бор. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган.

Имом Абу Довуд, Баззор ва Ибн Хузаймалар Абдуллоҳ ибн Аббос (РА)дан ривоят қилиш-ларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини тавсифлаб, бундай деганлар: «Бу кеча мурувватли, (яхши, саховатли), бўшашган (озод, сокин), иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмасдир. Унинг қуёши ўша тонгда қип-қизил заиф бўлиб чиқади».

Убай ибн Каъб (РА) Қадр кечасини йигирма еттинчи кечада бўлишини айтар ва дер эканлар:

«У бизга Расулуллоҳ (САВ) хабар берган кеча бўлиб, қуёш ўшанда оппоқ бўлиб, милтиллаб, ялтиллаб чиқади».

Яна Пайғамбаримиз (САВ) мана бундай деганлар: «Албатта, Қадр кечасининг аломатлари шуки, у мусаффо, ёп-ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади. У кечада (ўта) совуқ ҳам, (жуда) иссиқ ҳам бўлмайди. Ўша кечада тонггача юлдузлар отилишига йўл қўйилмайди. Яна унинг аломатларидан бири қуёш эрталаб ўн тўрт кечалик ойга ўхшаб, нурсиз чарақламасдан чиқади. Ўша куни шайтонлар чиқишига ҳам йўл қўйилмайди». (Имом Аҳмад ривояти).

Бу борадаги охирги саҳиҳ ҳадис Жобир ибн Самура (РА)дан ривоят қилинган: «У ёмғирли, шамолли ва яшинли кечадир». Лекин бу маънодаги ҳадиси шариф битта бўлганлиги учун аксар ҳолатларда муборак кеча бундай бўлмаслиги билинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биринчи марта Қадр кечаси ҳақида хабар берганларидан сўнг ўша кеча ёмғирли (сув ва лой) бўлиб, пешоналарида лой излари қолганлигини Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳазратлари Абу Саид ал-Худрий (РА)дан ривоят қилганлар. Бу воқеа Рамазоннинг йигирма учинчи кечаси содир бўлган эди.

Шунинг учун ҳам улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд (РА): «Кимки йил давомида кечалари қоим бўлса, Қадр кечасига етади (уни топади)», деганлар (Имом Муслим ривояти). Бинобарин, ота-боболаримиз айтган гап ростдир: «Ҳар кечани қадр бил, ҳар кишини Хизр».

Маҳмуджон ЭРГАШЕВ,

Абдуллоҳ ибн Умар жоме масжиди имом хатиби.