ЧУҚУРЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ КЎРИК

«Обод қишлоқ» дастурига асосан Ҳожиобод маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

-Ҳудудда яшовчи аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида Республика ва вилоятдан тор соҳа мутахассислари – невропатолог, кардиолог, окулист, терапевт, педиатр, эндокринолог, уролог, акушер гинекологлар ташриф буюришди, -дейди 37-сонли оила поликлиникаси мудири Маҳмудахон Олимова. -Беморлар УЗИ, ЭКГ текширувидан ўтказилди. Туман тиббиёт бирлашмаси, туман «Саломатлик» маркази ходимлари томонидан аҳолига соғлом ва тўғри овқатланиш мавзуларида буклетлар тарқатилди, видеороликлар намойиш қилинди. Шу куни 238 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишига, уларга зарур маслаҳат ва тавсиялар берилишига эришилди.

-Ёшим етмиш иккида, кўп йил чўпонлик қилганман, -дейди Омонбой Бобанов. -Умр йўлдошим Тўлғаной асаб касаллигига чалинган эди. Мутахассислардан зарур тавсияларни олдик. Узоғимиз яқин бўлганидан, кўрик ўз ҳудудимизда ташкил этилганидан жудаям хурсандмиз.