ОРТИҚЧА ТЎЛОВНИ ҚАЙТАРИШ МУДДАТИ ҚИСҚАРТИРИЛДИ
Президентимизнинг 2017 йил 18 июндаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра, солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш муддати икки бараварга қисқартирилди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 56-моддасига биноан солиқнинг бюджетга тўланган ҳамда тўлаш учун ҳисобланган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ солиқнинг ортиқча тўланган суммаси деб эътироф этилади. Шунингдек, ортиқча тўланган сумма солиқ қарзини қуйидаги кетма-кетликда узиш ҳисобига ҳисобга олиниши керак:
-солиқнинг мазкур тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;
-бошқа турдаги солиқлар бўйича қарзни узиш ҳисобига;
-бошқа турдаги солиқлар бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;
-мазкур солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига;
-бошқа турдаги солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига.
Ортиқча тўланган солиқ суммасини мазкур солиқ тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига ҳисобга олиш давлат солиқ хизмати органи томонидан мустақил равишда солиқ тўловчининг аризасисиз амалга оширилади. Солиқ тўловчи бу ҳақда ҳисобга олиш амалга оширилган кундан эътиборан уч иш куни ичида ёзма шаклда, шу жумладан, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор этилади.
Шунингдек, ортиқча тўланган солиқ суммасини бошқа турдаги солиқлар бўйича қарзни узиш, бошқа турдаги солиқлар бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳамда бошқа турдаги солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиш солиқ тўловчининг ёзма аризаси, шу жумладан, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юбориладиган аризаси асосида давлат солиқ хизмати органи томонидан ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисида хулоса тақдим этилган тақдирда тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.
Солиқ кодексининг 57-моддасига кўра ортиқча тўланган солиқларнинг қолган суммаси солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб варағига пул маблағларини ўтказиш орқали қайтарилиши керак. Ортиқча тўланган солиқ суммаларини қайтариш солиқ тўловчининг қайтариш тўғрисидаги ариза топширган санасидан эътиборан ўн беш иш куни ичида тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.
Солиқ кодексининг 58-моддасига асосан бошқа мажбурий тўловларнинг тўланган ва тўлаш учун ҳисобланган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ бошқа мажбурий тўловларнинг ортиқча тўланган суммаси деб эътироф этилади. Бошқа мажбурий тўловларни ҳисобга олиш ҳамда қайтариш Солиқ кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда тегишли ваколатли органлар томонидан амалга оширилади. Божхона тўловларининг ортиқча тўланган суммаларини ҳисобга олиш ва қайтариш божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона органлари томонидан амалга оширилади.
Равшанбек АҲМЕДОВ,
туман давлат солиқ инспекциясининг таҳлил ва прогнозлаш бўлими бошлиғи,
Анваржон КАРИМОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман бўлими катта суриштирувчиси.

