ТАВБАСИГА ТАЯНМАГАН ЭКАН
Шу йил февраль ойида жиноят ишлари бўйича туман судида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Қора курсида тоғни урса толқон қиладиган, эл-юртга айни фойдаси тегадиган ёшдаги О.С. ўтирибди. Унинг тенгдошлари мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, тараққиёт ва ўзгаришларда жонбозлик кўрсатаётган, фуқароларга яратилаётган шароитлардан оқилона фойдаланиб, халққа ҳам, ўзига ҳам наф келтираётган, бўй етган фарзандлари бошини қовуштиришдек ширин ташвишлар ила яшаётган бир паллада О.С.уйида «халфана ош» баҳонасида ўзи каби 4-5 та «адашган»ларни тўплаб ошиқ ўйини (қимор)га ташкилотчилик қилиб ўтирибди. Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ҳушёрлиги сабабли «ошиқбоз»лар жиноят устида ушлангач, ўзларини ҳар томонга уриб, бир-бирларини айблаб, “сувдан қуруқ чиқмоқчи” бўлдилар. Ашёвий далиллар билан қилмишлари исботлангач, турмуш шароитлари оғирлиги, тўй устида турганлари ва бошқа сабабларни рўкач қилиб, тавба қилдилар.
«Кейинги пушаймон – ўзингга душман», -деган гап бор. Қиморнинг ҳар қандай тури одамни хароб қилади, қимор орқасидан ҳаёти ҳавас қиларли даражага чиққан одамни ҳеч ким кўрмаган. Мана шу оддий ҳақиқатни англаб етмаган кимсаларга ачинасан киши.
Яна бир ачинарли ҳолат шуки, О.С. илгари ҳам икки марта «ўтириб» чиққан эди. Сабоқ етарли бўлмаган экан, чоғи.
Суд мажлисида ҳамма тафсилотлар атрофлича кўриб чиқилди, жиноят иши ўз тасдиғини топди ва қимор ўйини «ташкилотчиси» О.С. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топилди ва қилмишига яраша яна бир марта «муддат» олди.
Айтинг-айтинг, О.С. учун бу охиргиси бўлсин.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси,
Музаффар МУСАБОЕВ,
туман прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

