ЯНГИ СИЁСИЙ АДАБИЁТЛАР
Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида коллеж ахборот ресурс маркази фонди бадиий ва сиёсий адабиётлар билан тўлдириб борилмоқда.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бир қатор янги асарлари кутубхонамиз фондини янада бойитди. Қуйида ана шу китоблар билан таништириб ўтамиз.
«Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз». 2016 йилнинг 4 декабрида мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа -Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Сайловда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал Демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев 88,61 фоиз овоз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. Мазкур китобда Ўзбекистон Респуб-ликаси Президентининг 2016 йил 1 ноябрдан 24 ноябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри сайловчилари вакиллари билан ўтказилган сайловолди учрашувларида сўзлаган нутқлари ўрин олган.
«Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз». Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқдан иборат.
«Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови». Мазкур китобга мамлакатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси киритилган.
«Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак». Мазкур китобда Юртбошимизнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси ўрин олган.
Муқаддас ДАДАЖОНОВА,
Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи АРМ мутахассиси.

