«ЭНГ ГУЛЛАГАН ЁШЛИК ЧОҒИМДА …»
«Ёшлар куни» туманимизда кенг нишонланди
29 июнь куни «Мустақиллик» маданият ва истироҳат боғида «Ёшлар куни»га бағишлаб катта сайл бўлиб ўтди. Даставвал, кам таъминланган оила фарзандларидан юз нафарига ёзги павильонда концерт дастури ҳавола қилинди. Болажонлар ширинлик, салқин ичимлик ва музқаймоқ билан сийланди, уларга эсдалик совғалари тарқатилди.
Вилоят тарғибот гуруҳининг ташрифи кечага ўзгача кўтаринкилик улашди.
-Дунёда икки юздан ортиқ давлат бўлса, уларнинг бирортасида “Ёшлар куни” сифатида байрам қилинмайди, -дея гап бошлади табрик учун сўз олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, киноактёр Матёқуб Матчонов. -Бу ҳам ҳукуматимиз, давлатимизнинг сиз, азиз ёшларга юксак эҳтироми, ўз навбатида, ишончидан далолатдир. Мана шу ғамхўрликларга жавобан сизлар ҳам келажакда Ватан равнақи, юрт ободлиги йўлида астойдил бел боғлаб меҳнат қилмоғингиз даркор.
Шу каби эзгу тилакларни туман ҳокимининг ўринбосарлари Ҳусниддин Маҳмудов, Нафисахон Мамасолиева, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят ва туман кенгашлари вакиллари ҳам билдиришди. Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари Комилжон Неъматов, Авазбек Насриддинов, Маҳмуджон Ўринбоев, Умиджон Каримовларнинг куй-қўшиқлари барчани рақсга чорлади.
-Бугунги тадбирга туманимиздаги ҳарбий қисмда хизмат қилаётганлар ва уларнинг оила аъзолари ҳам таклиф этилгани қувончлидир, -дейди ФЎЎБОФМБ туман кенгашининг ёшлар бўйича бош мутахассиси Отабек Муродов. -Туман мудофаа ишлари бўлими ҳамда кўплаб жамоат ташкилотларининг иштироки, касб-ҳунар коллежлари, мактабгача таълим муассасалари томонидан тайёрланган турли кўргазмалар тадбир мазмунини бойитишга хизмат қилди.
Байрам сайли кечга қадар давом этди. Боғдаги барча кўнгилочар ўйинлар, аттракционлар туманимиз ёшлари ихтиёрида бўлди, белбоғли ва эркин кураш бўйича кўргазмали чиқишлар қилинди.
Кеч оқшом амфитеатрда туманимизнинг истеъдодли хонанда ва созандалари иштирокида гала концерт бўлди. Унда сўзга чиққан туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев ёшларга самимий тилаклар билдирди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Анваржон Атақўзиев кенгаш билан ҳамкорликда фаолият юритаётган жамоат ва ҳамкор ташкилотлар, фаол ёшлар вакилларига ташаккурнома ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
Ёшлар сайлининг шукуҳи унутилмас таассуротларни ҳадя қилди.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

