«ОҚ ЙЎЛ СЕНГА, БИТИРУВЧИ!»

Туманимизда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига диплом топширишга бағишланган тантаналар кўтаринки руҳ ва юксак уюшқоқликда ўтди.

Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежини жорий йилда 249 нафар йигит-қиз еттита йўналиш бўйича тамомлади. Бу ерда бўлиб ўтган тадбир катта шодиёнага айланиб кетди. Ўзига хос ва байрамона безанган коллеж ҳовлисида битирувчилар, уларнинг ота-оналари, иш берувчи ташкилотларнинг вакиллари ҳам қатнашдилар.

Тантанада туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, коллеж директори Мирзоҳид Зоитовлар битирувчиларга самимий тилаклар билдиришди. 40 нафар ёшга имтиёзли диплом ҳамда спортчи ёшлар, фахрий устозларга эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлар, бир гуруҳ ота-оналарга ташаккурномалар топширилди. Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси томонидан фаол тарғиботчилар рағбатлантирилди.

Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган тантанада коллеж директори Абдумажид Отабоев, туман маданият бўлими мудири Элмира Джонибековалар битирувчи ёшларни табриклаб, оқ йўл тиладилар.

Маҳмуда ОРИПОВА,

АРМ раҳбари.

*****

Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежидаги тантанада туман прокурори Бахтиёр Абдураҳимов, туман ҳокимининг ўринбосари Санжар Ҳамидов, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП вилоят кенгаши раиси Равшан Абдуллаев, коллеж директори Дилмурод Хўжаевлар қатнашиб, 308 нафар битирувчига омад ва зафарлар ёр бўлишини тиладилар.15 нафар битирувчига имтиёзли кредит учун сертификатлар топширилди.

Малоҳат ЖЎРАЕВА,

АРМ раҳбари.