ОЛИМЖОННИНГ ИХТИРОЛАРИ

Таҳририятимизга Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Олимжон Ёқубжонов томонидан ихтиро қилинган мини технологиялар тавсифланган маълумотлар келиб тушди.

Уларни ўрганиш жараёнида ёш ихтирочини ҳам суҳбатга таклиф қилдик.

Олимжон ёшликдан қизиққан соҳаси – электрлаштириш йўналишида таҳсил олиб, ўқишни тамомлаш арафасида экан. Суҳбат асносида аён бўлдики, у «кўзи қараб турмайдиган» ёшлардан бири бўлиб, мустақил  равишда электр пайвандчилик касбини эгаллаган, бу борада маҳалла-кўйда элга фойдаси тегиб туради. Уч-тўрт йилдан бери фермер хўжалигида буғдойдан бўшаган ердан сўраб олиб, маккажўхори етиштириб келади. Уруғни қўлда экиш чоғида Олимжонда бу ишни бажарувчи  қўлбола техника яратиш фикри туғилди ва унинг чизма-лойиҳасини яратди. Кераксиз темир-терсакларни йиғиб, ўзи пайвандлаш аппаратида дуккакли донлар экувчи жажжи сеялкача яратди.

Одатда, Олимжон иш жараёнида фикрлаб, қилаётган ишини осонлаштириш ҳақида ўйлашни хуш кўради. Помидор кўчати экаётиб, уни “механизациялаш” ҳақида ўйлаб қолди ва помидор, булғор қалампири, гул, карам кўчатлари ўтқазувчи аппарат кашф этди.

Кунларнинг бирида отаси ишлаётган туман ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи А.Аҳмаджонов унга мўри тозаловчи кичик техника воситаси ясаш ҳақида маслаҳат беради. Олимжон уни ҳам аввал қоғозда, сўнг моторли аррадан фойдаланиб, амалда ихтиро қилди. Ҳозирча бу мини техникалардан ўзи фойдаланиб келяпти. Аҳолидан буюртма тушса, ясаб беришга тайёр.

Олимжоннинг келгуси режалари  билан қизиқдик. Тошкентда яратилган ҳовли, томорқа ерларини ҳайдовчи техника бизнинг ерларда кучсизлик қилаётганлиги боис уни такомиллаштириш устида фикр юритаётганлигини айтиб, коллежни тамомлагач, ўз кичик корхонасини яратиш, унда одамлар корини енгил қиладиган рўзғорбоп техника воситалари ишлаб чиқарилишини йўлга қўйишни мақсад қилганлигини камтарлик ила тортиниб гапириб берди.

Одатда, инновацион ғоялар, ихтиролар ана шу кичик нарсалардан бошланади. Келгусида Олимжон номдор кашфиётчи сифатида танилса, ажаб эмас.

Ўринбой МЎМИНОВ.