НОТАРИАЛ ХИЗМАТЛАРДАГИ ЎЗГАРИШЛАР
Мамлакатда нотариатни ислоҳ қилиш, уни превентив одил судлов ҳамда суд низоларининг олдини олиш вазифаларини бажарувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини таъминловчи муҳим институтлардан бири сифатида шакллантириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга кўра, Президентимизнинг 2018 йил 25 майдаги «Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариал тизимни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси”га мувофиқ ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариал институтнинг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифатини яхшилаш мақсадида:
2019 йил 1 январдан бошлаб:
-нотариатнинг фаол модели доирасида нотариуслар томонидан битимларни тасдиқлашда «ягона дарча» тамойили бўйича амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар маъқулланди;
-ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинади;
-кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш фақат «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади;
-васиятномаларни имзолаш жараёни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги Қонунининг 34-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилиши лозим;
-юридик шахс нотариусга ихтиёрий мурожаат этганда, унинг коллегиал органининг қарори қабул қилинганлиги факти нотариал тасдиқланади;
-нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатидаги) биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилади;
-мурожаат этувчиларнинг нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлаш нотариал тасдиқланаётган ҳужжатларга улар томонидан имзо қўйиш ва махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга оширилади.
2019 йил 1 январга қадар нотариал идораларда нотариал ҳаракатларнинг махфийлигини сақлаган ҳолда реал вақт режимидаги масофавий марказлаштирилган аудио ва видеокузатув тизимини жорий этиш, бунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан улардан фойдаланишни таъминлаш каби ва бошқа шунга доир масалалар ўз ечимини топиши кўрсатилган.
Тўхтамурод РАЖАБОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди раиси,
Рустамжон ЭРГАШЕВ,
Учқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси.

