ЮҚОРИ СИФАТ, НАМУНАЛИ ХИЗМАТ
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўтган йигирма олти йили давомида жондан азиз Ватанимиз – Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар рўй берди. Дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик.
Шуни мамнуният билан эътироф этамизки, Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов томонларидан белгилаб берилган юксак тараққиёт йўли халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилди. Социологлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон «Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари» рейтингида 158 мамлакат орасида 44-ўринни, мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллагани ҳам бунинг ёрқин далилидир.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев таклифлари билан эълон қилинган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олийжаноб ғоя изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётганига ҳар биримиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Бугун ислоҳотларнинг янги босқичидамиз. Ўзгаришлар суръати юксак, янгиланишлар кўлами кенг. Булардан кўзланган мақсад эса аниқ ва қатъий: одамларимизни рози қилиш, уларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш, онгу тафаккури, ён-атрофдаги воқеа-ҳодисаларга муносабатини ўзгартириш, Ватанга дахлдорлик ҳиссини ошириш.
Яқинда Уйчи шаҳарчаси кўркига ўн чандон ҳусн ва чирой бахш этиб турган «МАКРО» супермаркетининг тантанали очилиш маросими бўлди.
Республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган «Дарвозасавдо» масъулияти чекланган жамияти томонидан тақдим этилган мазкур супермаркет Наманган вилоятида тўртинчи, Фарғона водийсида ўн тўртинчи бўлиб, айни бизнинг туманимизда очилгани ҳар биримизни чексиз қувонтирди.
Замон талабларига жавоб берадиган, Туркия ва Европа давлатларидан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган, аҳолига кўплаб турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ овқат маҳсулотларини мунтазам равишда етказиб, тўлиқ пластик карточкаларда савдо қиладиган мазкур супермаркетда элликдан ортиқ туманимиз ёшлари, асосан, коллеж битирувчилари иш билан таъминландилар.
«МАКРО» супермаркетининг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев мазкур супермаркетдаги маҳсулотлар сифатли, қулай нархларда эканлиги, асосийси, туманимиз халқига намунали савдо хизмати кўрсатилишини эътироф этиб, самимий тилаклар билдирди. Шундан сўнг меҳмонлар ва фахрийлар иштирокида рамзий лента қирқилиб, барча савдо дўконига таклиф этилди.

