ОИЛАМИЗНИ ОИВДАН АСРАЙЛИК
Жаҳонда ОИВ инфекциясининг тарқалиши муаммоси ҳозирги вақтда инсониятнинг хавфсизлигига таҳдид солаётган энг катта хавфлардан биридир.
ОИВ вируси организмга тушгандан сўнг одам узоқ вақт, ўртача 3 ойдан 5-10 йилгача ва ундан ҳам кўпроқ муддатга соғлом кўриниши мумкин ва бу пайтда атрофдагиларга вирус юқтириш хавфи юқори бўлади. Бу муддат касалликнинг яширин даври деб аталади. Касаллик ОИВ ҳолатидан ОИТС ҳолатига, албатта, ўтади. Одамда иммун тизими фаолияти бузилиши натижасида организмнинг турли микробларга қарши курашиш қобилияти ўта заифлашиб кетади. Натижада дуч келган микроб турли касалликларни келтириб чиқаради, беморнинг тузалиши қийин бўлади ва охир-оқибат, унинг тақдири ўлим билан якунланади.
Касаллик одамга вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари қуйилганда, яхши зарарсизлантирилмаган соқол олиш ускуналаридан бир неча киши фойдаланганда, аёлларни маникюр, педикюр қилиш жараёнида гигиена қоидаларига риоя қилинмаганда, гиёҳванд моддани қон томирига юборишда умумий шприц ва игнадан фойдаланилганда, касалланган онадан ҳомиладорлик пайтида ҳомилага, туғруқ жараёнида ва кўкрак сути орқали гўдакка юқади.
Кейинги вақтда ОИВ билан рўйхатга олинган шахслар орасида меҳнат миграцияси билан келганлар, никоҳдан ўтаётганлар қайд этилмоқда. Ҳар бир ота-она фарзанди соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишишини истайди. Никоҳланувчи ёшлар катта орзу-умидлар билан оила қуради. Никоҳланувчи ёшларга тиббий кўрикнинг жорий этилганлиги оиланинг муқаддаслиги ва мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади. Тиббий кўрик даврида касалликлар аниқланса, уларни ўз вақтида даволаш чоралари кўрилади.
Ҳар бир шахс ОИВ юққан ёки юқмаганлигини билишни хоҳласа, энг аввало, тушкунликка тушмасдан, Наманган шаҳар, “Ғалаба” кўчаси, 4-уйда жойлашган вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва барча туман тиббиёт муассасалари қошидаги ишонч ҳамда аноним хоналарга мурожаат қилиши зарур. У ерда шахсни сир тутган ҳолда хизмат кўрсатилади. Истаганлар бепул лаборатория текширувидан ўтишлари мумкин.
Мансуржон ПОЗИЛОВ,
Муҳаммаджон РАҲИМОВ,
Мирзаакбар КАРИМОВ,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари,
Аҳмаджон ЮСУПОВ,
туман “Саломатлик” маркази мудири.

