«ЎЙИНЧОҚЛАР УСТАСИ» ТАНЛОВИ

Тарбиячиларнинг касбий маҳоратини ошириб боришда «Ўйинчоқлар устаси» танлови катта аҳамиятга эга.

Мактабгача таълим муассасамизда ташкил этилган ана шу номдаги танловда олтита гуруҳ тарбиячиси фаол қатнашди. Ўрта гуруҳ тарбиячилари Фотима Боймирзаева, Мастура Тўрабоева биринчи, катта гуруҳ тарбиячилари Мукаррам Жўраева иккинчи, Соҳиба Холмирзаева учинчи ўринларни эгаллашди. Улар томонидан тайёрланган ҳар хил ўйинчоқлар, гуллар, аппликациялар барчанинг эътиборини тортди.

Феруза  УЗОҚОВА,

40-МТМ мудираси.

***

Муассасамизда «Ўйинчоқлар устаси» кўрик-танловини ўтказиш жараёнида миллийликка, ривожлантирувчи ва таълимий ўйинлар, қўғирчоқ театри жиҳозлари, юмшоқ ўйинчоқлар, байрам эрталиклари, либос ва жиҳозлар, ҳаракатли ва лойиҳали ҳамда мантессори ўйинчоқларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда биринчи ўрин 2-тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Саидахон Нуриддиновага, иккинчи ўрин қисқа муддатли гуруҳ тарбиячиси Шоҳсанам Отахонова ҳамда кичик гуруҳ тарбиячиси Адиба Солихоновага, учинчи ўрин Турсуной Алимуҳаммадоваларга насиб этди. Ғолиб ва фаол иштирокчилар МТМ маъмурияти томонидан муносиб тақдирланди.

Азиза ЖЎРАЕВА,

27-МТМ методисти.

***

ХАЙР, БОҒЧАМ…

Муассасамизда «Хайр, боғчам, салом, мактаб!» тадбирини ўтказиш анъанага айланган. Бу тадбир тарбияланувчиларимизнинг муассасамизда олган билимларини намойиш қилиш ва ўқув йили сарҳисоби бўлса, тарбиячиларимиз маҳоратларини ошириб боришларида муҳим аҳамият касб этади.

Ойшахон Усмонова, Робияхон Исоқова, Мунаввар Пўлатова каби тажрибали тарбиячилар таълим-тарбия берган бу йилги 25 нафар қалдирғочимиз асосан таълим рус тилида олиб бориладиган 6-мактаб ҳамда муассасамиз билан бир неча йилдан буён ҳамкорлик қилиб келаётган 26-мактабга ўқишга қабул қилинади. Бу йил «Хайр, боғчам, салом, мактаб!» тадбири ноанъанавий тарзда ташкилланди. Мусиқа раҳбарлари Азиза Қаюмова, Улуғбек Зиятов бадиий дастур тайёрлашган бўлса, тарбиячиларимиз бевосита машғулот жараёнларидан лавҳалар, саҳна кўринишларини тақдим қилдилар. Ота-оналарнинг иштироки бизларни янада қувонтирди. Улардан Назокат Сайфуллаева, Собирахон Набиева, Раънохон Қориеваларнинг ҳомийлик ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирамиз.

Шу куни муассасамизда «Ўйинчоқлар устаси» танлови ҳам якунланди. Унда 12 нафар тарбиячи маҳоратини намойиш қилди. Ўрта гуруҳ тарбиячиси Мунаввар Пўлатова, Матлуба Акрамовалар тайёрлаган ўйинчоқлар биринчи ўринга муносиб кўрилди.

Мадина ЮСУПОВА,

34-МТМ мудираси.