МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Мамлакатимизда кечаётган туб ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Респуб-ликасида суд тизимини тубдан такомил-лаштириш ва фаолияти самара-дорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилди.

2018 йил 1 апрелдаги бошлаб эса Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси кучга кирди ва ҳозирда туман (шаҳар) ҳамда вилоят маъмурий судларида ушбу кодексга асосан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар кўриб чиқилмоқда.

Мазкур кодекс IV бўлим, 29 боб ва 288 моддадан иборат.

Кодексда агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши ҳам белгилаб қўйилган.

Янги қабул қилинган ушбу кодексда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар турлари алоҳида кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, маъмурий судлар:

-идоравий норматив-ҳуқуқий ҳуж-жатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

-давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

-сайлов комиссияларининг ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

-нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

-давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.

Мунаввар ОХУНОВА,

Севара  ЖАМОЛОВА,

туман маъмурий судининг архивариуслари.