РЕЖА ЮЗ, ЮЗЛАР ЁРУҒ
Абдуғани ТУРДИЕВ,
туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.
«Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Президентимиз қарори эълон қилиниб, бахтиёр халқимиз бебаҳо неъмат бўлмиш муборак Истиқлолимизнинг навбатдаги тантанали байрамини ифтихор ила кўтаринки руҳда, яратувчанлик ишларида улкан зафарлар билан нишонлашга қизғин киришган ҳозирги шукуҳли кунларда лафзи ҳалол, серҳиммат ғаллакорларимиз катта зафар қучдилар. Улар аҳдларига вафо қилган ҳолда 12 июль куни ғалла етиштириш бўйича шартномавий режани ортиғи билан адо этдилар. Мавсум давомида виждонан қилинган машаққатли меҳнат ўз самарасини берди: давлатга 18000 тоннадан ортиқ товар дон сотилиб, шартномавий режа шараф билан бажарилди.
Маълумки, ҳар бир амалга оширилган ишнинг замирида заҳматли меҳнат ва бир қатор омиллар ётади. Туманимиз тарихида илк бор ғаллачиликда эришилган юксак натижаларга мамнуният билан айтамизки, муҳтарам Президентимиз томонларидан қишлоқ хўжалиги соҳасига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик, уруғлик, техника, минерал ўғит, иш ҳақи, ёнилғи, кимёвий воситаларнинг ўз вақтида етарли таъминланганлиги туфайли эришилди.
Ўтган йилнинг кузида 2018 йил ҳосили учун жами ғалла майдонининг 1050 гектари (17 фоизи)га эртанги навлар, 5295 гектари (83 фоизи)га ўртанги навлар экилди.
Деҳқон учун ҳеч бир йил осон бўлмаган. У доимо табиат билан курашиб, мақсадга етади. Буғдой экинлари парваришида қишнинг камёғин, қуруқ келганлиги, баҳорда ёғингарчиликнинг меъёрдан ортиб кетиши анчайин қийинчилик туғдирди. Шундай бўлса-да, миришкор фермерларимиз, уларга елкадош бўлган кўплаб мутахассислар ҳар бир тадбирни оқилона амалга ошириш билан мўлжалдаги ҳосилни етиштиришга эришдилар. Шу ўринда буғдойни экишдан бошлаб ўриб-йиғиб олгунга қадар ўз ҳаётий тажрибалари, билимлари билан яқиндан ёрдам берган «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раҳбари Тоҳиржон Исматиллаев бошлиқ «Маслаҳат гуруҳи» аъзолари Муҳаммадсодиқ Имамов, Маҳмудулло Юнусов, Абдурашид Шарипов, Маҳаммаджон Иброҳимов, Маҳаммаджон Аҳмадалиев, Алишер Ғозиев, Неъматжон Набиев каби меҳнат фахрийларининг сидқидилдан берган кўмак ва маслаҳатлари учун уларга туман ҳокимлиги ва фермерларимиз номидан чуқур миннатдорчилик изҳор қиламиз.
Етиштирилган мўл ҳосилни нобуд қилмай, қисқа вақтда йиғиштириб олиш учун пухта ҳозирлик кўрилди. 25 та ўрим отряди ташкил этилиб, мавжуд 25 та комбайн бириктирилди. Отрядларга фидойи раҳбарлардан отряд раҳбарлари қўйилди. Бугунги қувончли онларда намунали иш ташкил этиб, белгиланган марранинг барвақт эгалланишида жонбозлик кўрсатган 166, 170, 174, 175, 189-отрядлар раҳбарлари Аҳмаджон Султонов, Маъсумхон Холмирзаев, Зафаржон Раҳмонов, Бахтиёр Эгамов, Абдимуталли Нишоновлар номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Кейинги йилларда муҳтарам Юртбошимизнинг фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган ғамхўрликларидан илҳомланган бир қатор фермер хўжаликларимиз юқори натижаларга эришдилар. Жумладан, «Соҳибжон», «Уйчи Зумрад гавҳари», «Умид-2001», «Эгамберди ҳожи», «Бунёдкор Уйчи шамс», «Қумтепа ниҳоли», «Маликов Алибек Ғуломжанович», «Аброрбек-ифтихор файз», «Одил оқ олтин файз», «Уйчи – Янгиер саховати», «Муҳаммадмусо Болтабоев», «Даврон Фурқат имкон файз», «Ровот Олмос нури» ва «Сардор-Самандар-Ривож» фермер хўжаликларида ҳосилдорлик 60-70 центнерданга етди. “Илҳомжон Бозорбоев”, “Машад соҳибкори”, “Барногул зиё файз”, “Уйчи обод замин”, “Ровот файз барака”, “Абдураҳмон ота Умрзақов”, “Ғолиб”, “Мирзаровот толаси”, “Мустақиллик-7”, “Миришкор Ғайрат обжувози”, “Улуғбек”, “Холис”, “Эргашбой ота”, “Шодиябону нур файз” фермер хўжаликларида сара уруғ тайёрланиб, мўлжалдагиндан кўп ҳосил олинди.
Яхши биламизки, пишиб етилган донни ўз вақтида ўриб олинмаса, у вазн йўқотади ва тўкилиб, нобуд бўлади. Ғалланинг баракаси кўп жиҳатдан комбайн операторлари маҳорати ва ишчанлигига боғлиқ. Бу борада ўз шижоатларини намоён қилган 166, 170, 175-отрядлар комбайн операторлари Маҳаммаджон Акбаров, Раҳимжон Тўрабоев, Ҳусниддин Мамадалиевларнинг фаолияти ҳар қанча таҳсинга лойиқдир. Эл ризқ-рўзини нест-нобуд қилмай, она-Ватан омборларига жадал етказиб беришда «Музаффар-Ҳамкор транс» МЧЖнинг ишчи гуруҳи ватанпарварлик намунасини кўрсатди. Улар орасида мавсумда 300-370 тонна буғдой ташиган Раҳимжон Тўрабоев, Асадбек Тожибоев, Азизбек Зиямов, Шавкатбек Туранов, Маҳмудилло Олдиназаровлар барчага намуна бўлдилар. Уларга доимо очиқ ва равон йўл, оилавий бахт ва тансиҳатлик ёр бўлишига тилакдошмиз.
Жамиятда шундай инсонлар борки, улар Ватан, эл тинчлиги, хавфсизлиги йўлида кеча-ю кундуз хизмат қиладилар, юртда қандай умумхалқ иши бўлса, ҳозиру нозирдирлар. Булар осойишталик посбонлари бўлиб, ҳар йили ғалла ўримини хавф-хатарсиз, талон-торожсиз, тартибли ўтказиш учун хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этадилар. Улардан Раҳимжон Ҳасанов, Жамолиддин Мўминов, Фаррух Долимов, Мирзамаҳмуд Мирзааҳмедов, Баҳодир Каримовлар номларини эҳтиром билан тилга оламиз. Шунингдек, ўрим жараёнида туман ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари, меҳнат фахрийси бўлса-да, ҳамон сафда сергак турган Юсуфжон Қаюмов, Раҳимжон Ўрмонжонов, Олимжон Ҳамдамовларга ҳам миннатдорчилик билдирамиз.
Ўрим-йиғим кампанияларида яна бир тоифа инсонлар борки, улар умумий, оммавий, ташкилий ишлар бошида туриб, жараённинг бир тизимда, тартибли ва унумли олиб борилишида доимо бош-қош бўладилар. «Ғалла штаби»да бу масъулиятли вазифани тунни тонгга улаб, Баҳодир Азимов, Миржалол Сайдалиев, Адҳамжон Эргашевлар шараф билан адо этдилар.
Режа юз, юзлар ёруғ бўлди, омборлар донга тўлди, иншооллоҳ, даромадлар ҳам меҳнатга яраша бўлади.
Далаларимизда ҳали ҳосил бор. Тез кунларда қолган майдонларни ҳам нобуд қилмай, ўриб олинади. Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда.
Ғаллачиликдаги ғалаба барчамизга муборак бўлсин!

