“ЁШ КИТОБХОН” ТАНЛОВИ

Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан илк маротаба ташкил этилаётган «Ёш китобхон» танловининг туман босқичи бўлиб ўтмоқда.

Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий савиясини юксалтириш мақсадида ташкил этилган ушбу танловнинг туман босқичида кўплаб ёш иштирок этмоқда. 10-14, 15-19 ҳамда 20-30 ёш тоифасида ўтказилаётган танловда иштирокчиларнинг республика даврий нашрларидан хабардорлик, танланган 5 та тарихий-сиёсий ва 20 та бадиий асар бўйича тузилган саволлар, севимли адиб ҳаёти-фаолиятига бағишланган тақдимот ҳамда эл севган шоирлар Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуф шеърларини ифодали ёд ўқиш, таҳлил қилиш каби шартларда билимлари синовдан ўтказилмоқда.

-Танлов шартлари бир ой олдин маълум қилингани бизга қўл келди, -дейди Машҳура Аҳмаджонова. -Мутолаа қилиниши лозим бўлган асарлар орасида «Темур тузуклари», «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ», «Бобурнома»нинг борлиги мени севинтирди, чунки бу китобларни аввалдан ўқиб, мутолаа қилиб юрардим. Танловда муносиб иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиш ниятидаман.

-Халқимизнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришда «Ёш китобхон» танловининг ўрни ошиб бормоқда, -дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Анваржон Атақўзиев. -Шунингдек, ушбу тадбир Юртбошимиз томонларидан адабиётни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва эришилаётган натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш, халқимиз, жумладан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни яхшилаш, китобга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондиришда ўз самарасини беради.

Аброр БЕК.