БОЛАЛАРНИ ҚИЗАМИҚДАН АСРАНГ
Мамлакатимизда 2012 йилдан буён қизамиқ касаллиги билан касалланиш қайт этилмаган бўлса-да, унинг Республика ҳудудига четдан кириб келиш хавфи ортиб бормоқда. Шу сабабли туманимизда нафақат эмланган болалар, балки катталар ўртасида ҳам касаллик тарқалиши мумкин.
Қўзғатувчининг юқиш механизми, асосан, ҳаво-томчи йўллар орқали намоён бўлади. Касалликнинг яширин даври 8-21 кун бўлиб, юқори нафас органлари шиллиқ қаватларининг яллиғланиши, доғли-пуфакчали тошмалар тошиши, организмнинг умумий инток-сикацияси ва тана ҳароратининг кўтарилиши билан характерланади. Одам йўталганда, аксирганда, гапирганда вирус ташқи муҳитга тарқалади.
Демак, инфекция манбаи бемор одам ҳисобланади. Вирус ташувчанлик бу касалликда аниқланмаган, бошқа юқумли касалликлардан юқиш даврининг қисқалиги билан ажралиб туради. Вирус ташқи муҳитга чидамсиз, қуёш нури ва дезинфекцияловчи моддалар таъсирида тезда нобуд бўлади, паст ҳароратда эса узоқ сақланади. Касаллик бошланғич ҳамда тошмалар тошиши босқичида хавфли ҳисобланади. Бемор тузалгач, унда иммунитет шаклланади ва бутун умр сақланади. Қизамиқ касаллиги билан ҳамма касалланиши мумкин, бироқ 3-4 ёшли болалар ўртасида кўп учрайди.
Касалликнинг клиникаси 4 босқичда: яширин, продромал, тошма тошиши ҳамда соғайиш даврлари кузатилади. Яширин давр ўртасида 9-10 кун давом этади ва беморда тана ҳарорати 38-39 даражага кўтарилади, уйқу бузилиши, иштаҳа пасайиши, йўтал ҳамда тумов белгилари билан бирга, тошмалар тошиши кузатилади. Тошмалар юздан бошлаб, тананинг барча қисмлари ҳамда оёқ-қўлларга, ҳатто оғиз шиллиқ қаватларига ҳам тошади.
Эпидемияга қарши чоралар орасида беморни алоҳида ажратиб парваришлаш ҳамда шошилинч карантин чоралари кўриш муҳим ҳисобланади. Қизамиқ чиққан болалар боғчаларида 21 кун давомида карантин эълон қилинади. Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш ва бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб, тозалаб туриш инфекция тарқалишининг олдини олади.
Қизамиққа қарши қўлланиладиган энг самарали усул профилактик эмлаш ҳисобланади. Болалар 1 ёшга тўлганда, касалликка қарши эмланади. Қайта эмлаш бола 6 ёшга тўлганида ўтказилади.
Назира АҚИЛОВА,
туман ДСЭНМнинг эпидемиология бўлими мудири,
Фозилжон ХАЙРУЛЛАЕВ,
олий тоифали эпидемиолог врач ёрдамчиси.

