ҲАР БИР ОИЛА – ТАДБИРКОР

Аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш, касаначилик ва микрофирмаларни ташкил этиш орқали қўшимча даромад ишлаб топиш имконини яратиш, тадбиркор оилалар ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи бозор инфратузилмаси ва сервис шохобчаларини барпо этиш, рўйхатдан ўтмай ишлаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунийлаштириш – Президентимизнинг «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарорининг бош мақсадидир.

Бу ҳақида куни кеча тумандаги 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ҳам таъкидланди.

Мазкур дастур мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг моддий шароитини яхшилаш, турмуш сифати ва даражасини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Дастурда аҳолига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит тақдим этиш бўйича аниқ ва содда меъёрлар белгиланган.

Қарорга мувофиқ, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида олинаётган имтиёзли кредитни расмийлаштиришда ортиқча қоғозбозлик ва югур-югурлар талаб этилмайди. Бунда асосан, 7 фоизли, энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдорда бўлган кредит маблағлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари асосида берилади.

Дастурда илгари тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланмаган аҳоли қатламига тадбиркорлик кўникмаларини ўрганиш ва тегишли фаолият турини ташкил қилишга амалий ёрдам кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу ташаббус самарадорлигини таъминлаш мақсадида тажрибали тадбиркорларни эндигина бизнес билан шуғулланишни бошлаган оилаларга бириктириб – мини-кластерлар ташкил этилди. Маҳаллаларда бўш турган ер майдонларини янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига ҳеч қандай монеликсиз берилади.

Тадбирда иштирок этган АТБ «Ипотека» банк Республика бошқаруви раиси ўринбосари Маҳмуд Абдураҳманов, Республика Марказий банки бўлим бошлиғи Темур Топилов, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Илҳомжон Сатторовлар йиғилганлардан тушган саволларга жавоб қайтардилар.

Аброр САБАРАЛИЕВ.