ОЛИЙ СУД СУДЬЯЛАРИ ТУМАНИМИЗДА

Яқинда Бирлашган маданият ва аҳоли дам олиш марказида Ўзбекистон Олий суди судьялари, вилоятимиз, туманимиздаги судьялар аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқот ҳамда сайёр қабул ўтказдилар.

Унда Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров иштирок этиб, мамлакатимизда, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, Президентимиз ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида маъруза қилди.

Шундан сўнг сайёр қабул ташкил этилиб, аҳоли вакиллари томонидан суд-ҳуқуқ тизимига оид масалалар атрофлича ўрганилди. Ушбу тадбирда 300 дан зиёд фуқаро иштирок этиб, улардан 67 та мурожаат келиб тушди. Шундан 64 таси шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилиб, 3 та мурожаат тегишлилиги бўйича назоратга олинди.

-Бугунги сайёр қабулда ажрашиш арафасида турган 24 та оилани яраштиришга эришдик,        -дейди фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди судьяси Д.Иматов. -Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига доир бир нечта масалалари ижобий ечим топгани, низоли оилалардаги мерос, алимент билан боғлиқ мурожаатлар атрофлича ҳал этилгани мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёрқин кўринишидир.

Бу каби тадбирларни ўтказишдан мақсад «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак»лигини ҳис қилган ҳолда, халқ билан кўпроқ очиқ мулоқотлар ўтказиш, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш судьялар фаолиятининг асосий вазифасидир.

Тадбирда туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Абдуғани Турдиев иштирок этди.

Зуҳриддин ТЎХТАБАЕВ,

департаментнинг туман бўлими катта инспектори,

Нуриддин АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича туман суди архив мудири.