ДОН – НОН, ШОН, ИМОН

12 июль куни туманимиз, вилоятимиз ва мамлакатимиз бўйлаб хушхабар тарқалди: уйчилик миришкор ғаллакорлар буғдой тайёрлаш режасини ортиғи билан бажардилар. Давлатга дон сотиш шартномавий режаси уддаланди. Деҳқоннинг уйи ҳам донга тўлди, кўнгли эса шодлик ва ғурурга!

Ўтган йилнинг кузидан бошлаб қилинган меҳнат ҳам, ният ҳам оқланди. Одатда, ҳар бир ишни бошлашдан аввал ният қилинади, Яратгандан бошланаётган ишининг хайрли бўлиши сўралади. Ният холис, тоза, беғараз, ҳалол бўлса, Аллоҳ ижобатини беради. Ишончимиз комилки, ғаллакорларимиз шундай ният билан ерга уруғ сепган эдилар.

***

Ҳазрат Мир Алишер Навоий: «Деҳқонки дона сочар, ерни ёрмоқ била ризқ йўлин очар», «Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин», -деб деҳқонларни шарафга буркайдилар. Улуғ шоир: «Шудгордаги деҳқон омочи очган йўл эл ризқига очилган йўл, олам фаровонлиги деҳқон меҳнатидан, элнинг хурсандлиги деҳқон ҳимматидан», -деб баҳо берадилар.

Юртимизда қадимдан аҳли деҳқон – ризқ-рўз яратувчи ғоят улуғланган ва эъзозланган. Ҳа, дарвоқе, муқаддас китобларда битилишича, жаннатга биринчи бўлиб деҳқонлар кирар эканлар.

***

Ер юзида «Нон шаҳри» деб ном олган бир шаҳар бор, бу – бизнинг Тошкентимиз!

Иккинчи жаҳон уруши йилларида уруш олови ёнаётган жойлардаги болалар, аёллар, қариялар, ногиронлар Шарққа, жумладан, Ўзбекистонга кўчирилган. Боласини поездга ўтқазаётган ота-она боласига: «Тошкентга етиб олсанг, ўлмайсан, у ерда нон бор», -деб кузатар экан. Меҳрибон ва имонли халқимиз зўрға топган нонини, нафақат нонини, бошпанасини, кийим-кечагини ҳам ўша мусофирлар билан баҳам кўрган. Бизлар, бугунги авлод, ана шундай олижаноб, диёнатли, инсонпарвар одамларнинг фарзандларимиз. Уларга муносиб бўлиш бурчимиздир.

***

Мамлакатимизда мустақилликка эришилгач, Биринчи Президентимиз бежизга асосий эътиборни дон мустақиллигига қаратмадилар. Собиқ тузум даврида, 20-30-йилларда, халқ бошига тушган очарчилик, одамнинг жонидан бир бурда нон қиммат бўлганлиги халқнинг эсидан чиқмаган эди. 1963-64 йилларда ҳокимиятпарастларнинг сиёсий ўйинлари туфайли дўконлардан ун йўқолиб қолиб, нон дўконларида киши бошига арзимаган граммларда нон сотилган. 3-синфда ўқирдим, дарсдан сўнг дўконда узоқ навбатда туриб олган ноним онам икковимизга етмас эди.

Азиз замондош! Эътибор беринг, бугунги кунда дўкону бозорларда хоҳлаган навдаги ун хоҳлаганингизча топилади. Бозорлардаги нон турларини қаранг: қай бирини олишга тараддудланиб қоласиз. Бундай серобчилик, фаровонлик ва тинчлик учун биз фуқаролардан фақат шукроналик лозим бўлади, кексаларимиздан дуо, ёшларимиздан қадрлашу ҳурмат ва эҳтиёткорлик даркордир.

Шу ўринда айтмоқ жоизки, ҳозирги дунёда қашшоқлик, очарчилик ҳукм сураётган юртлар борлиги, у ерда одамлар, кексалар, болалар нон тополмай, очликдан вафот этаётганини ҳар гал нон ушлаганимизда эсга олмоқ ва яна шукрона айтмоқ кўп савобли ишдир.

***

Буғдой – жаннат неъмати. Одам Атодан тортиб ҳозиргача инсон зоти нон билан тирикчилик қилиб келмоқда. Халқимиз ҳаётида ноннинг тутган ўрни, қадрини қуйидаги удумларда яққол кўриш мумкин:

-дастурхонда қанча неъмат бўлса-да, биринчи бўлиб нон ушатилади, оғизга биринчи нон солинади;

-яқин кишиларни, беморларни йўқлашда, асосан, нон олиб борилади;

-сафарга, ҳарбий хизматга кузатиш чоғида кетувчининг хонадонидан ризқи узилмасин, деган ниятда унга нон тишлатиб қолинади;

-совчи келган хонадонда икки томон келишиб, қуда бўлинса, унинг исботи учун нон синдирилади ва бу жараён муқаддас саналиб, тўй бузилмайди, бузилса, бахтсизлик келади, дейдилар;

-чақалоқлар бешигидаги ёстиқча остига нон қўйишда норасидага инс-жинслар зарар қилмаслиги кўзда тутилади;

-бемаҳалда юрган одамнинг қўйнида нон бўлади. Бунда ҳам нон бало-қазодан асрайди, деб эътиқод қилинади;

-бизким, ўзбекларда ҳар қандай таом нон билан истеъмол қилинади;

-нон қадимдан эъзозланиб, кўзга суртиб, дастурхондаги ушоғи териб ейилади, ҳатто увоғи ҳам оёқости бўлмасин, деб дастурхон қадам тегмас чекка жойларга қоқилади. Бунда нон увоқларини парранда ва қумурсқалар еб кетишини назарда тутилади.

Халқимиз орасида «Нондек азиз бўлинг», «Ноннинг увоғи ҳам нон», «Нон – имон», «Уйингга буғдой тўлгур», «Буғдой нонинг билан бирга буғдой сўзинг бўлсин» каби иборалар, “Неъматим ошсин десанг уст-устига, нон ушоғин сочма оёқ остига” (Ф.Аттор) каби ҳикматлар, «Дастурхонга тўкилган таом ва ушоқларни териб ейдиган одамнинг гуноҳлари тўкилади», -каби Ҳадиси шарифлар борки, булар ҳам ноннинг бебаҳо неъмат, улуғ қадрият эканлигини ифодалайди.

***

Июнь ойи охирларида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни нишонланди. Ғалла ўримида долзарб палла бўлишига қарамай, туманимиз раҳбари Абдуғани Зайниддинович вақт топиб, таҳририят жамоасини қутлаш учун келдилар. Эгниларида «дала формаси», тўғри буғдойзордан келингани билиниб турарди.

Бир пиёла чой устида кечган қисқа суҳбатда ҳам ғалла ўрими масаласи бош мавзу бўлди. Сезилиб турдики, ҳокимнинг фикри-ёдидан ғалла ўраётган комбайнлар бирма-бир ўтмоқда. «Бузилиб қолмадимикин?», «Дон ташувчи машиналар улгураётганмикин?», «Ғалла исроф бўлмаяптимикин?» -деган ўй-ҳаёлларни уқиб олиш қийин эмасди.

Бугунги давр, Юртбоши худди шундай раҳбарларни талаб қилмоқда. Ишончимиз комилки, бундай ғайрат, фидойилик, юрт ишига камарбасталик ерга уруғ тушган кундан бери бир дақиқа ҳам сусаймаган. Раҳбардан андоза олган фермерларимиз ҳам бор имконни ишга солдилар. Шу боис режалар юз, юзлар ёруғ бўлди.

Гапнинг индаллосида биз ҳам ният қиламизки, юртимиз тинч, юзларимиз ёруғ, ҳосилларимиз мўл, раҳбарларимиз омон, юртдошларимиз бахтли бўлаверсинлар.

Ўринбой МЎМИНОВ.