Тилло дадам
Кўнгил учун кўнгил сўраб кўнглим эзар,
Юракдаги армон тиғин ким ҳам сезар,
Нигоҳларим ёшлар ютиб гузар кезар,
,,Минг йилда бир келмас, -дерлар бундай одам»,
Тоза иймон, тоза юрак, тилло дадам.
Ҳар каломи жавоҳирим, дуогўйим,
Рангингиздан ранг олгандир ранги рўйим.
Марваридтут бўйларида қолган бўйим,
Миришкорим, борми яна сиздай одам?!
Тоза юрак, тоза иймон, тилло дадам.
Тор кўчадан изингизни излар изим,
Ўйга чўмган токзорингиз кузатар жим,
Сано айтиб соллонади сонсиз узум
Боғ яратган, бол яратган доно одам.
Тоза юрак, тоза иймон, тилло дадам.
Йўқотганим – ёлғон, йўқотмасман сизни,
Қароғимга жойлаганман жисмингизни.
«Дин-уммон»га уйқаш келган исмингизни
Битсин: «Жаннат кўшкларига мос бу одам»,
Тоза юрак, тоза иймон, тилло дадам.
Малика БОЙХОНОВА.

