МАЗМУНЛИ ҲАЁТ СИРИ
Туманимиздаги собиқ «Зарбдор» жамоа хўжалиги 1992 йилгача «Ленинчи йўл» деб аталарди. Бу хўжаликда кўплаб донгдор, фидойи инсонлар ишлаб ўтдилар. Ҳамма соҳада, барча тоифада ўзининг ҳалол меҳнати, матонати, тажрибаси, одамийлиги билан танилган одамлар кўп эди…
Жамоа хўжалигида таниқли механизаторлар орасида Абдужалил Абдуқаҳҳоров «Фарҳод» номи билан танилган бўлиб, ўзининг ғоят меҳнаткашлиги, касбининг устаси эканлиги, қатъиятлилиги, лафзи ҳалоллиги билан ажралиб турарди. Турмуш ўртоғи Иноятхон опа билан аҳил-иноқ яшаб, ўн бир нафар фарзандни тарбиялаб, элга қўшган эдилар. Охиратлари обод бўлсин.
Фарзандларнинг тўнғичи Абдулазиз ота-она кутганидай ақлли, меҳнатсевар, тартибли, зийрак бўлиб ўсди, мактабда яхши ўқиди. Мактабни тугатгач, ҳарбий хизматга отланди. Жисмонан етуклиги, келишган қадди-басти сабаб уни ҳарбий денгиз флотига юбордилар. Хизматни тугатиб қайтгач, оиласи серфарзанд бўлганлиги учун жамоа хўжалигига ишга кирди ва ишдан ажралмаган ҳолда Андижон қишлоқ хўжалиги техникумида таҳсил олди.
Абдулазиз билан суҳбат чоғида нега бу соҳани танлаганини сўраганимизда у шундай деди: -Дадам раҳматли ўн бир нафар фарзандни тракторчилик орқасидан тарбиялаб, вояга етказганлар. Халқ орасида: «Ота касбини эгаллаган одам ҳеч қачон хор бўлмайди», -деган гап бор. Шунинг учун шу соҳани танлаганман», -деб жавоб берди.
Абдулазиз, мана, 42 йил бўлибдики, механизация соҳасининг «нонини еб келяпти». Босиб ўтган ҳаёт йўлидан мамнун, касби бўйича салмоқли тажриба тўплади. Шу боис у икки йил олдин пенсияга чиққан бўлса-да, “Уйчи туман агросервис МТП ва ИСМ” МЧЖда «керакли мутахассис» сифатида ҳалол меҳнат қилиб келяпти. Маълумоти олий бўлмаса-да, корхона раҳбари янги келган олий маълумотлиларга Абдулазизни устоз этиб бириктирди.
Мен Абдулазиз билан «Ленинчи йўл» колхозида 13 йил бирга ишладим. Иш жараёнида унинг бирор марта тартиб бузганини, ишида қўпол хатоликлар бўлганини, вазифасини суиистеъмол қилганини билмайман. Кечгача темир орасида, далада юрса-да, эгнида кўпинча оқ кўйлак, дазмолланган шим бўларди. Уни айрим билмаганлар «олифта механик» дейишарди. Аслида Абдулазизни «олифта» қилган турмуш ўртоғи, ажойиб педагог Зулфияхон эди. Ахир, кўчада эркакнинг кўриниши уйдаги аёлнинг фаросатига боғлиқ эмасми? Абдулазиз ва Зулфияхон фарзандлари Музаффар, Мирзоҳидни тарбиялаб, ўқимишли қилиб, эл хизматига йўлладилар. Ширин-шакар набираларни ҳам одамийлик йўналишида тарбия этмоқдалар.
Суҳбатимиз асносида Абдулазиздан «Ҳаётнинг мазмуни нимада?» -деб сўраганимизда, у: «Оиладаги тотувлик, ишдаги ҳалоллик, меҳнатга тўғри муносабат, эл-юртга наф келтириш, соғлом фикр, тоза ният», -деб жавоб берди. Биламизки, бу айтилганлар айни Абдулазизнинг қалбида ва оиласида мавжуд бўлган нарсалардир.
Қаҳрамонимиздан келгуси режалари ҳақида сўрадик. У: «Ҳозир шундай ажойиб бир давр келдики, бекор ўтириб бўлмайди. Муҳтарам Президентимиз ҳамма соҳада ишловчиларга шундай қулайликлар яратиб бермоқдаларки, бунга жавобан фақат ишлаш керак. Ишхонамизга берилган янги техникаларни кўриб, янада ғайратим ортиб кетяпти», -деди.
Қаранг, Абдулазиз билан суҳбатимиз чоғида маълум бўлдики, 29 июль унинг туғилган санаси экан, 62 ёшга тўлибди. Қизғин табрикладик, пок ниятлар изҳор қилдик, ишларига муваффақиятлар тиладик.
Ўринбой МЎМИНОВ.

