АХСИ ҚВП ЯНГИ ҚИЁФАДА
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли саломатлигининг янада яхшиланишига, соғлом турмуш тарзининг қарор топишига хизмат қилмоқда.
Мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллиги арафасида Шафтоли маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ахси қишлоқ врачлик пункти 300 миллион сўм маблағ эвазига қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
-Юксалиш, Шафтоли, Тошлоқ маҳаллаларининг 6451 нафар аҳолисига 26 нафар тиббиёт ходими сифатли хизмат кўрсатмоқда -дейди ҚВП мудираси Дилбархон Қаюмова. -Тезкор ташхис, муолажалар учун шифо масканимизда барча шароитлар яратилган. Муолажа хонаси, кундузги стационар, диагностика хонаси, таҳлилхона, ижтимоий дорихона, тез ёрдам, аёллар профилактикаси, стерилизация, лаборатория, эмлаш, беморларни қабул қилиш хоналари мавжуд. Ҳар бир тиббий ходимга маҳаллалардан тегишли ҳудудлар бириктирилган.
Таъкидлаш жоизки, ҚВП шифокорларининг асосий эътибори аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга, соғлом бола туғилиши, жисмонан ва маънан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтиришга қаратилган.
Аброр САБАРАЛИЕВ.

