ТИНИМ БИЛМАС ҲАМШИРА
Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг 9-ҳудуд маҳалла ҳамшираси Соҳибахон Жўраева касбининг фидойиларидан. Ўттиз йилдирки, касбини эъзозлаб, ҳурмат-эътибор топмоқда. У Шифокор маҳалласининг Ғафур Ғулом, Ўрикзор, Болтабой Нуралиев, Спортчилар, Наврўз кўчаларида истиқомат қилувчи мингдан ортиқ фуқаронинг саломатлиги учун қайғуради, елиб-югуради. Бу таҳририятимизга келаётган миннатдорчилик хатларида ҳам акс этган.
-Соҳибахон ҳар куни хонадонимизга ташриф буюриб, ҳолимиздан хабар олади, нима ёрдам керак бўлса, доим тайёр, -дейди Шифокор МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси Каримахон Самидова. -Илгари маҳалламиз ҳамшираси ким, қачон келиб-кетишини ҳам билмасдик. Соҳибахон ўзимизнинг қизимиздек бўлиб қолган. Унга алоҳида миннатдорчилигимизни газета орқали етказишларингизни сўрайман.
Куюнчак ҳамшира тиним билмайди. У ҳудудида истиқомат қилувчи 15 нафар ногирон, 22 нафар бир ёшгача бўлган чақалоқ, 14 нафар ҳомиладор аёл, 215 нафар кексанинг ҳолидан хабар олишни канда қилмайди. Қай бирига шифокор қабули зарур бўлса, ўзи эринмай олиб боради. Ҳатто ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бепул дори-дармон олишига кўмаклашади. Башорат Мирзаева, Маҳбуба Каримова, Ҳалима Эгамова каби фахрийлар унинг ёрдамидан ғоятда мамнунлар. Қизил Ярим Ой жамияти туман кенгашига мурожаат этиб, Зулфихон Отахонованинг ногиронлик аравачаси билан таъминланишига эришди.
Соҳибахон каби фидойи ҳамширалар бор экан, элимиз соғ, хонадонларда хурсандчилик. Бу каби саломатлигимиз жонкуярларининг сафи кенгайсин.
Муҳаммад АЛИ.

