ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧ УЙҒОТИБ…

Мустақиллик йилларида кенг кўлам касб этган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Шу мақсадда қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат ва дастурлар қишлоқлар қиёфасини замонавий архитектура асосида ўзгартириш ва янгилаш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга йуналтирилган уй-жой, ижтимоий ва коммунал объектлар, коммуникацияларни барпо этиш борасида аниқ мақсадли ишларнинг бажарилишига асос бўлмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори ана шундай буюк мақсадни кўзлаган ишларнинг янада кенг қулоч ёзиши учун муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Қарор ижросига асосан Оқтош маҳалласида 2 сотихли, 3 хонадан иборат 26 та уй қурилиши амалга оширилмоқда. «Файзиобод само сервис» МЧЖ ҳамда «Уста Нўъмон» қурилиш фирмасининг 60 нафарга яқин қурувчиси бу ерда иморатларнинг пишиқ бўлиши ва ўз муддатида эгаларига топширилиши учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Жараёндаги юмушларга 12 та техниканинг жалб этилгани иш самарадорлигини оширмоқда.

Айни вақтда қурилиш материалларининг маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан етказиб берилаётгани уй-жой қурилишини қисқа муддатда тугаллаш имконини бериш билан бирга уларнинг таннархи арзонлашишига бевосита таъсир этмоқда.

Уйларнинг ёнида автомобиллар тураржойи, чиқинди йиғиш пункти ҳам барпо этилиб, чор атрофига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиши режалаштирилган.

Арзон ва қулай уй-жойларнинг қурилиши халқимизнинг кўнглида янги режаларни уйғотиб, эзгу мақсадлар билан тараққиёт сари одимлашга ундайди. Зеро, уйли одам ҳаётдан рози яшайди, эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлади, ўзини бахтли ҳис этади.

Аброр САБАРАЛИЕВ.