ҲАМКОРЛИК САМАРАСИ

Нодира номли вилоят ахборот-кутубхона марказида «Даврий босма нашрларнинг иқтисодий, моддий-техник базасини мустаҳкамлашда таҳририят ва муассис ҳамкорлиги» мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Бошқарма бўлим бошлиғи Р.Ирисов мавзу бўйича таҳлилий чиқиш қилди. «Наманган ҳақиқати», «Поп тонги», «Давр», «Чуст ҳақиқати», «Норин овози», «Янгиқўрғон ҳаёти», «Наманган садоси», «Мингбулоқ» сингари ҳокимлик газеталари, «Шифокор ва ҳаёт», «Маҳорат мактаби», «Тиббиёт ва замон» каби бошқармалар газета-журналлари таҳририятларининг иқтисодий ҳолати барқарор. Бунда ушбу нашрларнинг муассислари ва мазкур ҳокимлик ёки ташкилотлар раҳбарларининг ғамхўрлиги етакчи аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Кейинги йилларда «Наманган ҳақиқати», «Чортоқ ҳақиқати», «Мингбулоқ», «Уйчинома» газеталари муҳаррирлари ўз тадбиркорликларини намойиш этишгани, босмахона, китоб дўкони, кенг форматли босмахона, компьютер хизмати, енгил таомлар ошхонаси, болалар боғи яратаётганликларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Давра суҳбатида соҳа вакиллари юқоридаги масалаларга дахлдор бўлган қимматли фикрларни ўртага ташладилар.

Ўз мухбиримиз.