КЎНГИЛ ОБОД – ЮРТ ОБОД
Маълумки, 2016 йилдан бошлаб мамлакатимизда ўзгача бир жараён, кўтаринкилик, янгича бир «уйғониш» бошланди. Айниқса, 2017 йилда Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган «Ҳаракатлар стратегияси» бутун жамиятни, инсонлар қалбидаги эзгуликларни ҳаракатга келтириб юборди. Шундан бошлаб ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳада туб ўзгаришлар, кишилар онгида янгича фикрлаш, ишлаш, воқеликка ёндашув бошланди. Бу жуда қисқа вақтда самарасини кўрсатмоқда.
Қадимдан халқимизда: «Бирор халқнинг маданият даражасини билмоқчи бўлсанг, бозорини ва мозорини кўр», -деган нақл бор. Бу бежиз эмас, чунки ҳар бир халқнинг ҳаётида ўтмишга эҳтиром, бугунги кунга эътибор ана шу икки масканда аён бўлади.
Туманимизнинг Бўёғон қишлоғи анчайин қадимий бўлиб, манбаларда қишлоқ бундан 300 йиллар илгари ташкил топганлиги, шу қишлоқда яшаб ўтган Бўёғон исмли авлиё номи билан аталганлиги айтилган. Шундан бери қишлоғимиз кенгайиб, ривожланиб, аҳоли сони ортиб бормоқда. Қишлоғимизнинг қиёфаси тобора чирой очмоқда. Янги уйлар, маиший хизмат бинолари қад кўтармоқда, кўчалар текисланиб, аҳоли хонадонлари ҳам кўркамлашиб бормоқда.
Қишлоғимиздаги «Бўёғон азиз»қабристони илгари анчайин қаровсиз аҳволда эди. Қишлоқ аҳолиси, оқсоқоллар, зиёлилар саъй-ҳаракати билан кейинги йилларда бу маскан ҳам тобора ободонлашиб боряпти. Қабристон анчайин қадимий, унга қишлоқ билан бирга асос солинган. Бу ерда қишлоғимиз номига асос бўлган Бўёғон авлиёнинг қабри (даҳмаси) бўлиб, ҳажми 6 м. х 5,5 м. ни ташкил этади. Бу эса авлиёнинг алпқомат, бўйдор бўлганлигидан дарак беради. Шунингдек, қабристонда Муҳаммадали Азим деган ижодкор, зиёли инсоннинг қабри ҳам бор. Бу киши тўрақўрғонлик машҳур Исҳоқхон Тўра Ибрат билан сафдош, маслакдош бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Бу инсоннинг ҳам ҳаракатлари Шўро тузумига ёқмаганлиги учун унинг асарларини, жамлаган китобларини йўқ қилмоқчи бўлганлар. Китобларни сақлаб қолиш учун қаергадир кўмилган, аммо бу «бойлик» ҳануз топилмаган.
Қабристонда, шунингдек, қишлоқда илк очилган 9-сонли бошланғич мактаб (ҳозирги 34-мактаб)нинг биринчи раҳбари, ташкилотчиси 1926-1936 йилларда бу даргоҳда директорлик қилган Иномхўжа Шодмонов ҳам абадий қўним топган.
Қишлоғимиз аҳолиси қабристонда ноқулай об-ҳаво шароитида одамларнинг қийналмасликлари учун 300 ўринли айвон барпо этди.
Муҳтарам Президентимизнинг «Обод қишлоқ» дастурида белгиланган вазифаларни қишлоғимизда татбиқ этиш учун доимий ҳаракатда бўлиб, ҳар фаслга оид ободончилик ишларини ташкил этмоқдамиз.
Яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити муносабати билан кўчалар, ариқлар ва қабристонда ҳашар ишлари олиб бориляпти.
Маҳаммадали КАРИМОВ,
Зокиржон УМАРОВ,
маҳалла фаоллари.

