СИЗ БУГУН ҚАНДАЙ АСАР ЎҚИДИНГИЗ?
Ҳозирги даврда китоб ва китобхонлик масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор вазифасига айланди. Айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этишга муҳтарам Президентимиз томонидан алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Юртбошимизнинг: «Ҳозирги пайтда ҳаммамизнинг олдимизда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди», -деган фикрлари буни тасдиқлайди. Дарҳақиқат, китоб ўқиш малакасини ҳосил қилиш масаласи ниҳоятда мураккаб жараён бўлиб, бу китобхонлардан меҳнат, қунт ва масъулият талаб қилади. Китобхон илк бора зиё масканига ташриф буюрганда, кутубхоначининг у билан ўзаро суҳбати болада китобга бўлган қизиқиши ва ўз камолоти даражасига мос бўлган китобларни танлашида қўл келади. Кутубхоначининг ўз китобхонининг руҳий ҳолатини, қизиқишлари ва китобга бўлган муносабатини илғаб олишида ҳам ёрдам беради.
Оилада ота-онанинг фарзандида китоб ўқиш кўникмасини ҳосил қилишдаги илк вазифаси китоб танлаб бериш ва савиясига мос бўлган адабиётларни кенг тарғиб қилиш ёшларнинг жамиятнинг муносиб фуқароси, баркамол инсон бўлиб етишиши, маънавиятининг юксалиши билан оиласига ва жамиятга фойда келтиришига хизмат қилади. Шу ўринда ҳурматли ота-оналаримизга: «Фарзандингизни китоб ўқишга йўналтира оляпсизми?» -деган савол билан мурожаат қилмоқчиман. Агар ота-онанинг ўзи китобхон бўлмаса, у ўз фарзандига китобни тарғиб этолмайди. Шунинг учун бутун оилада китобхонлик руҳи бўлиши керак. Бунда оиланинг китобга бўлган муносабати катта аҳамият касб этади. Айниқса, болалар китобхонлигини ташкил қилишда таълим муассасалари ва ота-оналар зиммасига масъулиятли вазифа юкланади. Бунда дастлабки туртки оилада болага ўқиб берилган биринчи китоб бўлса, иккинчиси бола ота-онаси, бува ва бувисидан эшитганини ҳис этишидир.
Кузатувларга кўра, мутолаа мия фаолиятини яхшилайди, хотирлаш ва фикрлаш қобилиятини яхшилайди, қалбни юмшатади, ёзувчилик қобилиятини ривожлантиради, яхши ҳикоянависга айлантиради, жиноятчиликнинг олдини олишда катта ёрдам беради. Ота-оналар болаларга китоб танлашда, болаларнинг ёши, руҳияти, қизиқиши, дидини ҳисобга олиши, зарурият пайдо бўлганда, мутахассислар билан маслаҳатлашиши керак. Шу ўринда жоиз бўлса, мен кутубхонани олтин қасрга, кутубхоначини эса ана шу қасрнинг маликасига қиёс қиламан. Китобхон не-не буюкларнинг тунни тонгга улаб, қора қаламдан яратган оқ дурларини ана шу масканда кўради, қўл билан ушлаб, қалб билан ҳис этади. Ана шу ҳолат китобхонни кутубхона сари ундайди, китоблардаги тимсоллар уларнинг ўзлигини англаб етишига ёрдам беради.
Қадрли замондошим! Ўқинг ва ўйлаб кўринг, бугун Сиз Бобур ижодини мутолаа қилиб, Ватан соғинчини ҳис этасиз, Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Малик асарларида теран ҳаёт фалсафасини англайсиз, Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров асарларида эса мозийга юз тутасиз, Худойберди Тўхтабоев китоби билан қизиқарли саргузаштларни бошингиздан кечирасиз. Атоқли ёзувчи Ўткир Ҳошимов: «Китобдаги қувонч ва изтиробларни ўқувчи ўзиники деб қабул қилсагина, ўша ҳақиқий асардир», -деган фикрлари китобнинг қадрини янада оширади. Мен мутахассис сифатида ота-оналар, устозлар ва ўқувчиларга китобхонликни кенг ёйиш бўйича айрим мулоҳазаларимни баён қилмоқчиман. Ўқувчи ўқиган асари мазмуни ва қаҳрамонларининг ўзига ёққан ижобий фазилатларини «Китобхоннинг китоб ҳақидаги ён дафтари» (шундай деб номласак ҳам бўлади) деб номланган ён дафтарчасига ёзиб борса, ўқиган китобини маълум вақтдан сўнг такрор ва такрор ўқиса, асарнинг мазмун-моҳиятини янада мукаммалроқ тушунган бўлади. Таълим муасассаларида «Китоб мутолааси» номли дарслар ташкил этилиши ҳам китобхонлик даражасини, мутолаа маданиятини ривожлантиришга кўмак беради. Шунингдек, туманимизнинг кўзгуси бўлган «Уйчинома» газетасида ҳар бир соҳа раҳбар ва ходимлари, оддий уй бекаларидан тортиб мактаб ўқувчисига ўзи ўқиган бадиий асардан олган кечинмаларини, сабоқларини ўз ҳаётида, касбида нечоғли аҳамиятга эга бўлгани ҳақидаги фикрлари бериб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Азиз замондошим! Бир-бирингизга: «Сиз ҳам бу китобни ўқинг», «Қандай китоб ўқидингиз?» деган латиф ва гўзал сўзлар билан самимий дийдорлашмоқ саодати доимо кундалик амалингизга айлансин. Чиндан ҳам, Сиз бугун қандай китоб ўқидингиз?
Жамила ПЎЛАТОВА,
туман халқ таълими бўлимига қарашли АРМ раҳбари.

