ҲУЖЖАТЛАРГА ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАНГ
Тарихни унутишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Ўз тарихини билмаган халқ оломон тарзига тушиб қолади. Шунинг учун ҳам туманимиз архивчилари тарихий ҳақиқатни ўсиб келаётган ёш авлодга ҳеч қандай бўёқсиз ва безаксиз етказиш истагидалар. Шу ўринда бир иборани тилга олишимиз керак: «Ҳужжатсиз тарих йўқ, тарихсиз миллат ҳам давлат, ҳам йўқ». Бизнинг туман давлат архиви ташкил этилганига 49 йил бўлди. Янги ташкил этилганда 15 мингга яқин ҳужжат мавжуд эди. Бугунги кунга келиб, жамғармалар сони 174 тага етказилди ва уларда 38 мингдан ортиқ ҳужжат сақланади. Улар орасида юқори ташкилотларнинг қарорлари, фармойишлари, мажлис баёнлари, ҳисоботлар, фуқаролик ишлари бўйича ҳал қилув қарорлари, жиноий ишлар бўйича ҳукмлар, чет элга кўчиб кетганларнинг рўйхатларини учратасиз.
Архивимиз ҳужжат топширадиган ташкилотларга идоравий иш юритиш ва ҳужжатларини сақлашга амалий ёрдам беради. Шу ўринда айтиш жоизки, айрим ташкилотлар, мактаблар, касб-ҳунар коллежлари раҳбарияти ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси «Архив иши тўғрисидаги»ги Қонунининг 5-боб, 20-моддасига асосан ўз вақтида топширишлари лозим бўлса-да, бу ишни асоссиз пайсалга солиб, ҳукумат қонуни ижросини таъминламаяптилар. Биз улардан бу ишга масъулият билан муносабатда бўлишларини истар эдик. Сабаби, бу ҳолат бизнинг ишимизга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Наргиза ЖЎРАЕВА,
туман давлат архиви етакчи мутахассиси.

