КИЙИНИШ МАДАНИЯТНИ ШАКЛЛАНТИРАДИ

Кишининг либоси унинг ички оламини акс эттиради, деган гап бор. Ҳақиқатдан ҳам, инсоннинг кийинишига қараб унинг маънавияти қай даражадалигини фаҳмлаш қийин эмас.

Аммо бу масалаларнинг барига аҳамиятни бола ҳали шахс сифатида шаклланиб улгурмасданоқ қаратиш лозим. Яъни ота-она ёки устоз-мураббий ёш индивиднинг юриш-туриши, муомала маданияти, одоб-ахлоқи қаторида кийинишини ҳам назорат қилиб бориши даркор.

Бу борада мамлакатимизда мактаб формасига алоҳида эътибор қаратилаётгани айни муддаодир.

Мактаб формаси ўқувчи учун алоҳида тартиб-қоидани, саранжом-саришталикни талаб қилади. Шу билан бирга, аҳолининг барча қатлами учун нарх-навосининг қулайлиги, ўқувчилардаги бир хилликни таъминлаши билан ҳам аҳамиятлидир.

-Мактаб формасининг намунавий кўринишини интернет саҳифалари орқали кузатдик, -дейди 29-мактаб ўқитувчиси Маҳфуза Жўраева. -Ўқувчилар учун қулай, бежирим. Асосийси, аввалги дизайндаги формалардан кескин фарқ қилмайди. Бу формага босқичма-босқич ўтилишиям ота-оналарга қулайлик яратади.

-Ҳар бир бола, хоҳ у ўғил бўлсин, хоҳ қиз, ўзи танлаган бичим, ранг ва услубдаги либосни кийишга ҳақли. Бироқ мактабда эмас. Ўқув жараёнида болалар бир хил кийинишгани ҳар томонлама қулайдир, -дейди Ҳуррият маҳалласида яшовчи Муяссархон Абдуолимова. -Мен ҳам барча ота-оналар каби ўқувчиларнинг бир хил либос кийишлари тарафдориман.

Бир хил мактаб формасининг жорий қилингани кўпгина мамлакатларда синовдан ўтган. Қолаверса, биз учун ҳам янгилик эмас.

Бундай либос ўқувчиларда ўзини, юриш-туришини назорат қилишни ўргатади, кўникма ҳосил қилади.

Ўз мухбиримиз.