НАЗИРИ ЙЎҚ ХАЗИНА
Бунёдкор ва ижодкор халқимиз кўҳна ва қадимий тарихимиз давомида илм-фанни ривожлантириш билан бирга, ҳаётнинг турли жабҳаларида шундай буюк кашфиётлар қилдики, улар асрлар давомида сайқал топиб, қиммати ортиб, бугунги кунда бебаҳо қадрият сифатида жаҳон миқёсида аҳамият касб этиб келмоқда.
Биргина санъат йўналишини олсак, бу борада ҳам шундай улкан меросга эгамизки, мазкур меросга жаҳон жамоатчилиги катта қизиқиш ва ҳурмат билан қарайди. Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлмиш миллий мақом санъатимиз ўзининг қадимий тарихи, теран илдизлари, юксак бадиийлиги ва анъанавийлиги билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин тутади. Бу ноёб санъат асрлар давомида улуғ шоирлару буюк олимлар, шираун ҳофизлару моҳир созандаларнинг истеъдоди, машаққатли меҳнати ва ижодий тафаккури маҳсули сифатида эъзоз топиб, шуҳрати ортиб бормоқда.
Гап мақом санъати ҳақида борар экан, аввало, мақом сўзининг маъно-мазмунини англаш зарур бўлади. Бу атама тилимизда «ўрин», «жой» маъноларини англатиб, маълум бир торли чолғу асбоби дастасидаги пардага ишора қилинади.
Бирор ашула ёки куй дутор (танбур ва б.)нинг иккинчи пардасидан бошланса, «дугоҳ», учинчи пардасидан бошланса, «сегоҳ» ва ҳоказо номлар билан аталган. Кейинчалик созлар кўпайиб, пардалар ўрни ўзаро мувофиқлаштирилгач, гарчи қўшиқ (куй) айнан белгиланган пардадан бошланмаса ҳам «дугоҳ», «сегоҳ» номларини сақлаб қолаверган.
Юртимизда мақом санъати учта катта мактабни ташкил этади. Булар Бухоро мақом мактаби бўлмиш «Шашмақом», «Хоразм мақомлари» ва «Фарғона-Тошкент мақом йўллари»дир. «Шашмақом», «Бузрук», «Рост», «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ» ва «Ироқ» номли олти мақомдан иборат бўлса, «Хоразм мақомлари», «Рост», “Бузрук”, «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Ироқ» мақомларини ўз ичига олади. «Фарғона-Тошкент мақом йўллари» эса бундай таснифга эга эмас.
Бу мақомлар ҳозирги мукаммал шаклига келгунча жуда узоқ тарақ-қиёт йўлини босиб ўтган. Унинг ривожига машҳури жаҳон бобокалонларимиз Фаробий, ибн Сино ўз асарлари билан салмоқли ҳисса қўшиб, амалиётда ҳам самарали фойдаланганлар. Табобат отаси ибн Сино мумтоз мусиқадан фойдаланиб, руҳий хаста инсонлар дардига даво топганлиги, айрим беморларга дори ўрнига най, чанг каби чолғуларда куй тинглашни тавсия этганлиги ҳақида маълумотлар бор.
Миллий мусиқамиз тарихида маънавий оламимизнинг икки буюк вакили Алишер Навоий ва Мирзо Бобурнинг алоҳида ўрни бор, десак, янглишмаймиз. Навоий тахаллусининг ўзаги «наво» (куй) эканлигининг ўзи бу зотнинг мусиқага муносабатлари нечоғли юқорилигини ифодалайди. Ҳазрат мусиқа илмини яхши билган ҳолда шогирдларидан, ҳомийликларидаги ижод аҳли ва дўстларидан ҳам буни талаб қилганлар. Мақомлар, асосан аруз вазнида битилган ғазаллар билан куйлангани боис мусиқадан бехабар одамдан шоир чиқмайди, деб ҳисоблаганлар. Миллий мақомимиз таркибидаги ашулаларнинг кўпчилиги Навоий ғазаллари эканлигининг сабаби ҳам шунда.
З.М.Бобур мусиқага шу қадар ошно эдики, ҳатто ўзи «ғижжаки бобурий» номли чолғу ихтиро қилган. Ҳозирги чолғусоз усталар суратига қараб бу асбобни ясадилар ва у ҳозир чолғу ансамблларида фойдаланилмоқда. Оддий ғижжакдан анча афзал жиҳатлари бор.
Мақомлар XIII асргача маълум тартибга тушмаган эди. Сафиуддин ал-Урмавий (урма-тери қопланган чолғу асбоби номидан) деган ўтмишдошимиз мақом номларидаги парда тузилмаларини аниқ таснифлаб, ўн икки мақом тизимини ишлаб чиққан ва шу тизим асосида «Шашмақом» шаклланган.
Ибн Сино тажрибасидан маълумки, мусиқа инсон руҳиятига, маънавиятига ижобий таъсир қилади, қалбини юмшатади, салбий хислатлардан фориғ этади. Инсон қалби шодон кунларида ҳам, ғамгин онларида ҳам қўшиқ истайди, куйни соғинади. Бу жиҳатдан мақомлар савияси юксак, инсонлардаги меҳр-оқибат, сабрлилик, одамийлик, дўстлик, муҳаббат туйғуларини камол топтирувчи беназир хазина ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ана шуларни ҳисобга олган ҳолда жадал ривожланиш йўлига чиқиб олган мамлакатимиз фуқаролари қалбида энг эзгу фазилатларни қарор топтириш, келажагимиз бунёдкорлари – ёш авлодни ҳар томонлама камолга етказиш ишида миллий санъатимизнинг таъсир кучидан оқилона фойдаланиш мақсадида » Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилдилар. Бу қарор мақом санъатимизнинг умрбоқийлигини таъминлашига ишончимиз комил. Мазкур қарор асосида сентябрь бошларида Шаҳрисабзда илк бор Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади. Бу ҳам бизким, ўзбекларнинг дунё ҳамжамияти олдида яна бир бор ўзлигимизни намоён этишимизга имкон беради.
Муҳаммаджон НИШОНОВ,
Ўринбой МЎМИНОВ.

