БУРЧНИ УНУТГАЧ…

Фарзандни камолга етказишда ота-онанинг мажбуриятлари баробар, уларнинг ҳар иккиси ҳам боласининг моддий ва маънавий таъминоти учун бирдай масъул. Тўғри, турли сабаблар боис турмушнинг бузилиб кетиши оқибатлари турмушимизда кўп учрайди. Бундай шароитда боланинг тарбияси учун масъуллик бир томонга (асосан онага) ўтади. Лекин иккинчи томон учун бу буткул фарзанддан воз кечиш дегани эмас. Унинг моддий таъминоти учун маблағнинг бир қисми, яъни алимент пулини ойма-ой тўлаб бориши амалдаги қонунчиликка асосан белгилаб қўйилган. Аслида бу пуллар ўша норасиданинг ризқ-насибаси. Унга хиёнат қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Мана шу жиҳатларни ёддан кўтарган ҳамюртимиз С.Б. оз эмас-кўп эмас беш йил мобайнида алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келди. Қаҳрамонимиз суднинг қора курсисига олиб келинганда, қарз миқдори 11322357 сўмга етганди.

Ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича туман судида атрофлича кўриб чиқилди. Айбланувчи С.Б.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шоҳрух АЛИМАТОВ,

мажбурий ижро бюроси туман бўлими бошлиғи.