ТАЪЛИМ ХОДИМЛАРИ КЕНГАШДИЛАР
13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби концертлар залида туман халқ таълими ходимларининг анъанавий август кенгаши бўлиб ўтди. Унда тумандаги умумтаълим мактабларининг директорлари, илғор халқ таълими ходимлари, фахрийлар, жамоат ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашдилар.
Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Анжуманда туман ҳокими в.б. Муҳаммадаюбхўжа Апақов сўзга чиқиб, барчани қўшалоқ айём билан қутлади ва таълим ходимлари олдида турган муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Туман халқ таълими бўлими мудири Шуҳратжон Муродов ўтган ўқув йилида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва янги ўқув йилида бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида маъруза қилди. Маърузада таъкидланганидек, туманда бугунги кунда 44 та мактаб ва битта мактабдан ташқари таълим муассасаси фаолият юритади. Ўтган ўқув йили якунига кўра, фан олимпиадасининг вилоят босқичида вакилларимиз 10-синфлар кесимида учинчи, 9-синфлар кесимида иккинчи ўринларни эгалладилар. «Билимлар беллашуви»нинг вилоят босқичида тўрт нафар ўқувчи 1-, икки нафар ўқувчи 2-, яна икки нафари ўқувчи 3-ўринларни қўлга киритди. Таълим сифат кўрсаткичлари бўйича туманимиз вилоятда бешинчи ўринда. Бу ютуқда туманда 44 та мактаб ўртасида юқори рейтингни эгаллаган 6, 26, 23-мактаблар жамоаларининг ҳиссаси катта.
Маъруза юзасидан музокараларда 16-мактаб директори Раъно Назарова, 33-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Муҳайё Ҳасановалар қатнашдилар.
Кенгаш иштирокчилари номидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун Юртбошимизга табрик хати йўлланди.
Илк педагогик фаолиятини бошлаётган ёш ўқитувчилардан бир гуруҳи қасамёд қабул қилди.
Тадбир давомида илғор соҳа ходимлари туман ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси, туман халқ таълими бўлимининг фахрий ёрлиқлари, ташаккурномалари, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
16-мактаб ўқувчилари томонидан бадиий дастур намойиш этилди.
Анжуманда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Соҳибжон Эргашев иштирок этди ва сўзга чиқди.

