ЭЛ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА
7-8 сентябрь кунлари туман «Мустақиллик» маданият ва истироҳат боғида «Саломатликни тарғиб қилиш кунлари» ўтказилди.
Маданият масканига хордиқ чиқариш ва сайр қилиш мақсадида ташриф буюрганлар боғда ташкил этилган тиббиёт павильонида тиббий кўрикка жалб қилинди. Хусусан, фуқаролар хирург, невролог, уролог, кардиолог, травматолог, педиатр, гинеколог, офтальмолог каби мутахассислар кўригидан ўтиш имконига эга бўлдилар. Тиббий кўрикни халқаро андозалар талаблари даражасида ташкил этиш учун УТТ, ЭКГ каби замонавий аппарат ва лаборатория таҳлил воситалари келтирилгани эътиборга молик.
Шунингдек, малакали шифокорлардан тузилган кўчма бригада чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи кексалар, ногиронлар хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг саломатлигини назоратдан ўтказди. Тиббий кўрик натижасида стационар даволанишга муҳтож деб топилганларга тегишли тартибда туман тиббиёт муассасасида соғломлаштириш учун йўлланмалар берилди.

