ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Яқинда туман кўзи ожизлар жамиятининг  ҳисобот сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Дастлаб жамият ҳисобчиси Шерали Тоштемиров беш йиллик фаолият бўйича ҳисоб берди. Унда таъкидланганидек, бугунги кунда жамиятнинг 146 нафар аъзоси бўлиб, ўтган даврда улар билан оммавий, сиёсий, маданий-маърифий ҳамда спорт ва соғломлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Ҳар йили турли мусобақалар, саёҳатлар ташкил этилиб, моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада туман ҳокимлиги ва ҳомийларнинг беғараз ёрдамидан улар бағоят мамнун. Мустақиллик байрами арафасида жамият аъзоларидан 45 нафари Косонсойда уч кунлик саёҳатда бўлиб қайтди. Кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ҳам улар хизматида. Жамият аъзолари яна Тоҳиржон Парпиевга ишонч билдириб, уни раис этиб сайладилар.

Ҳисобот сайловдан сўнг «Камалак» мажмуасида жамият аъзолари учун  байрам тадбири уюштирилди. Унда  туман ҳокими в.б. Муҳаммадаюбхўжа Апақов, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг вилоят бўлими раиси Комилжон Шералиевлар иштирок этиб, самимий тилаклар билдиришди.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари маданий хизмат кўрсатишди.