МЕҲНАТ ЖАРАЁНИДА ХАВФСИЗЛИК

Айни кунларда етиштирилган пахтани териб олиш хавфсиз ва талафотсиз ташкил қилиниши лозим. Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий принципидан бири корхона ва ташкилотларнинг ҳар қандай иқтисодий кўрсаткичларидан ходимнинг соғлиги устуворлигини таъминлаш эканлиги белгиланган. Пахта йиғим-терими ишларини амалга оширишда теримчи ҳамда механизаторларнинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилиятининг сақланиши учун қуйидаги тавсияларга амал қилиниши лозим:

-фермер хўжалигида пахта йиғим-теримига жалб этиладиган ходимларга ишларни хавфсиз бажариш бўйича йўриқномалар бериш;

-уларни белгиланган тартибда махсус кийимлар, соябонли бош кийим, пахтали матодан тайёрланган устки кийим, махсус қўлқоп билан таъминлаш;

-пахта териш жараёнида теримчиларни қайнатилган сув билан таъминлаш;

-ҳожатхоналар ташкил этиш ва зарарсизлантирувчи кимёвий воситалар билан ишлов бериш;

-асосий йўллар ёқаларида пахта терими олиб борилаётган вақтда йўлларга огоҳлантириш белгилари қўйиш;

-пахта терими олиб борилаётган майдонларга техник ишлов бермаслик;

-дала шийпонларини электр ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган даражада таъмирлаш;

-санитария-гигена талабларига жавоб берадиган шароитларда иссиқ овқат билан таъминлаш;

-шийпон бўлмаган тақдирда овқатланиш учун кўчма соябонлар ташкил этиш;

-дала майдонларида пахтани теримчилардан қабул қилиш (тортиш) вақтида пахта ташиш учун мўлжалланган техника тўла ҳаракатдан тўхтагандан сўнг тележканинг ён томонидан келишни назорат қилиш;

-пахталарни тортиб бўлгандан сўнг атрофга тўкилганларини териб олиш;

-пахта ташувчи механизаторларни махсус кийим-бош билан таъминлаш;

-тракторни ва прицепни мавсум бошланишидан аввал техник кўрикдан ўтказиш;

-техникада носозлик аниқланганда зудлик билан уни бартараф қилиш чорасини кўриш;

-тракторнинг олд ва орқа тележка чироқлари, тормоз, руль қисмларини ҳар куни иш бошлашдан аввал бир қатор назорат қилиш;

-механизаторнинг иш вақтида спиртли ичимлик ичишига йўл қўймаслик;

-тракторни қияликка тўхтатилган вақтда ғилдирак остига махсус башмаклар қўйиш;

-тракторга фақат битта тележка улаш ва ташиш;

-тележкада одам ташимаслик;

-вояга етмаган фуқароларни теримга жалб этмаслик.

Юқоридаги кўрсатмаларга амал қилиниши бевосита фермер хўжаликлари раҳбарлари зиммасида эканини эслатиб ўтамиз.

Садриддин ҒОИБОВ,

вилоят бандлик бош бошқармасининг давлат меҳнат техник инспектори.