МОЗИЙДАН ТАРАЛАЁТГАН НУР

Соку қишлоғи туманимизнинг энг қадимий гўшаларидан саналади. Биргина «Бежирим ота» қабристонининг шу ҳудуддалиги қишлоқнинг минг йиллик ўтмишидан садо беради.

Мана шуларни эътиборга олиб, маҳалла фаоли Рустамжон ака Қамбаров қишлоқ тарихини акс эттирувчи музей ташкил қилди. “Хотира ва Қадрлаш куни” арафасида ишга туширилган қишлоқ музейига экспонатларнинг келиши тўхтамаяпти. Маҳалла аҳлининг жонбозлиги билан олиб келинаётган кўргазмалар сабаб кенгаяётган  экспонатларга Соку МФЙ биносидан ажратилган хона торлик қилиб қолди. Суратлар, сопол ва темир анжомлар, 500 дан зиёд китоб фонди, Иккинчи жаҳон урушига оид буюмлар, қишлоқда яшаб ўтган фаолларнинг портрет-суратлари, миллий либослар, пул купюралари бу ерга келган кишининг эътиборини тортиб, мозий бўйлаб саёҳатга чорлайди.

Музей ташкилотчиси Рустамжон ака 2003 йилда ички ишлар идорасидан нафақага чиққан. Тиниб-тинчимас нуро-ний ҳамюртимиз қуйидагиларни сўзлаб берди:

-Аслида ушбу музейни биринчи бўлиб раҳматли устозимиз, халқ таълими жонкуяри Отахон Болтабоев ташкил қилганлар. Кейинги йилларда эътиборсиз қолган бу ишни жонлаштириш мақсадидаман.

Рустамжон Қамбаров ҳар бир кўргазмани қўлига олар экан, унинг тарихини завқ билан тушунтиради. Биз музейдаги энг қадимий  экспонатга қизиқдик. 15 литр сиғимли сопол кўза, эски омоч, паранжи, яллачи Ачахон бувининг чирмандаси ХIX асрга оид буюмлар экани маълум бўлди. Улар 200 йиллик тарихдан бизгача омон етиб келгани, неча-неча аждодларимиз ясагани, қўллагани билан ҳам бебаҳодирлар. Қишлоқ фидойилари Раҳмонберди Раҳимов, Набижон Абдуллаев, Усмонжон Қамбаров, Дилбархон Тўрабоевалар фаолиятлари жамланган фотоальбом ҳам ташриф буюрувчилар орасида қўлма-қўл бўлмоқда. Уруш йилларидан сўзловчи орден-медалларнинг ҳар бирида бетакрор воқеа-ҳодисалар, жасорату матонат мужассам.

Хуллас, Соку маҳалласида ташкил қилинган ушбу музейга ташриф буюрувчилар сафи кенгайиб, кўлами ортиб бормоқда. Айниқса, улар орасида мактаб ўқувчиларининг борлиги ёшларни шонли ўтмишимиз, бой тарихимиз, аждодлар урф-одати, маданиятига ҳурмат ва эҳтиром руҳида  тарбиялашда асқотади. Бу йўлда барча ташкилотчилар, фидойи инсонларга муваффақият доимо ҳамроҳ бўлсин.

Абдулҳаким НИШОНОВ.