КЎКНОР КЕЛТИРГАН КУЛФАТ

Гиёҳванд моддалар инсонга ҳеч қачон моддий ёки маънавий фойда олиб келмайди. Аксинча фикр юритадиганлар эса сароб кетидан қувганларини, афсуски, кечроқ англаб етадилар.

Ҳамюртимиз Ғ.Ш. ҳам ана шундай пуч хаёллар кетидан қувганлардан бўлиб чиқди. У ҳовлисида яширинча экиб парваришлаган 25 туп кўкнор уруғини ерга қадаганда нималарни режа қилган – бу биргина қаҳрамонимизга аён. У шу қадар пухта иш кўрдики, ўғринча ўстирилаётган кўкнорларнинг мавжудлигини шу ҳовлида истиқомат қиладиган оила аъзоларидан ҳам пинҳон сақлаган. Бироқ бу устомонлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўтмади. Улар томонидан ўтказилган махсус рейд давомида Ғ.Ш.нинг кирдикорлари фош бўлди.

Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Айбланувчи Ғ.Ш.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баробари миқдорида 4306400 сўм жарима жазоси тайинланди.

Жамшид МАМУРОВ,

жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.